Ўзбекистонда Касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш режалаштирилмоқда. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Шавкат Мирзиёев пайшанба куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ушбу топшириқни берди.

Касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмайди, дея қайд этди президент. Мисол учун, унда 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилади. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб дизайнер каби ихтисосликларга олий малака талаби қўйилган. Ушбу касбларни IT-марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.

Кутубхоначи, таржимон, банк агенти, реклама мутахассиси каби кўплаб вазифаларга ҳам олий маълумот талаби қўйилган. Меҳнат бозорида бундай касблар бўйича 4 мингга яқин вакансия мавжуд.