7 октябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Минтақадаги воқеалар ривожи юзасидан ҳам фикр алмашилди. Хусусан, Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат Конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар. Товар айирбошлаш кўрсаткичларини оширишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, тадбиркорлар ва ҳудудларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали кооперацияни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор берилди.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, туғилган куни билан табриклади. Шунингдек, давлат раҳбари Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан ҳам телефон орқали мулоқот ўтказди. Иккала ҳолатда ҳам давлат раҳбари ҳамкасблари билан минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашди.

Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни сайлов натижаларидан норози бўлган бир неча минг киши Бишкек кўчаларига норозилик намойишларига чиқди. Намойишчилар Оқ уйни (парламент ва президент маъмурияти жойлашган), шаҳар ҳокимлиги ва ҳукумат биносини эгаллаб олишди. Шунингдек, улар мамлакатнинг собиқ раҳбари Алмазбек Атамбаевни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ҳибсхонасидан озод қилишди. Якунда Қирғизистон сайловлари ва референдумлари бўйича марказий комиссияси сайловлардаги овоз бериш натижаларини бекор қилди.