Ўзбекистоннинг биринчи ва охирги давлат котиби, собиқ бош вазир Раҳим Ражабович Ражабов 83 ёшида вафот этди. «Газета.uz»нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси ушбу хабарни тасдиқлади.

Хабар қилинишича, Раҳим Ражабов 1937 йилда Бухоро вилояти Қоракўл туманида туғилган. Тошкентдаги Ўрта Осиё Политехника институтини тугатган (1960).

У Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари (1990−1992) бўлиб ишлаган ва 1992 йил май ойида президент ҳузуридаги биринчи ва охирги давлат котиби бўлган. 1992 йил декабрда давлат котиби лавозимининг бекор қилиниши муносабати билан у Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Аввалроқ Раҳим Ражабов ЎзАга берган интервьюсида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовдан хафалиги, саноатнинг йўқ қилингани ва Асакада автомобиль заводи қурилиши ҳақида гапирган эди.