27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳаракатлар қайтадан кучая бошлади. Арманистонда умумий сафарбарлик ва ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Озарбайжонда ҳарбий ҳолат ҳам жорий қилинган.

Мамлакат расмийлари аввалига умумий сафарбарлик учун зарурат кўрмаётганликларини билдиришган эди. Бироқ Озарбайжон президенти Илҳом Алиев мамлакатда қисман сафарбарлик эълон қилиниши тўғрисидаги қарорни имзолади.

«Бугун эрталаб Арманистон қуролли кучлари ҳар хил қурол турлари, шу жумладан оғир артиллериядан фойдаланган ҳолда Озарбайжон манзилгоҳларига, шунингдек Озарбайжон ҳарбий позицияларига бир неча йўналишлардан ўқ уздилар», — деди Озарбайжон президенти Илҳом Алиев. Республика раҳбари, ўқ отиш натижасида Озарбайжон ҳарбийлари ва тинч аҳолиси ҳалок бўлганини таъкидлади.

Озарбайжон бош прокуратурасининг хабар беришича, Қорабоғдаги вазиятнинг кескинлашиши натижасида яраланган тинч аҳоли сони бир кунда 26 нафарга етган.

Арманистон элчисининг айтишича, жанг бошлангандан бери Қорабоғда 30 дан ортиқ арман аскари ўлдирилган ва юздан ортиқ яраланганлар бор.

Арманистон бош вазири Николь Пашиняннинг сўзларига кўра, кенг кўламли провокация Озарбайжон томонидан олдиндан режалаштирилган: «Илҳом Алиевнинг диктаторлик режими яна ҳарбий ҳаракатларни бошлади. Бу уруш арман халқига юклатилган. Бу бизнинг мустақиллигимиз, эркинлигимиз ва қадр-қимматимизга қарши уруш». Пашинян Тоғли Қорабоғ мустақиллигини тан олишни истисно қилмади.

27 сентябрь куни Арманистон бош вазири Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига ўтириш тўғрисида мурожаат қилди. Шу куннинг ўзида бўлим бошлиғи Сергей Лавров Арманистон, Озарбайжон ва Туркиядаги ҳамкасблари билан телефон орқали музокаралар олиб борди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонларни дарҳол уруш ҳаракатларини тўхтатишга ва музокараларга ўтишларини сўради. Европа Иттифоқи ва АҚШ ҳукумати ҳам ушбу мамлакатларни ўт очишни тўхтатишга чақирди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ҳам, шунингдек, Тоғли Қорабоғда юз бераётган ҳарбий ҳаракатлардан хавотирда эканлигини билдирди. Хитой ҳукумати Озарбайжон ва Арманистонни деэскалацияга (аскарларни тарқатиш, ҳаракатларни босқичма-босқич тўхтатиш) чақирди.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Франция президенти Эммануэл Макрон билан телефон орқали суҳбатда Туркияни Қорабоғдаги можарога аралашишдан қайтариш зарурлигини айтди. Арманистоннинг Москвадаги элчисининг хабар беришича, Қорабоғда Туркия томонидан Суриядан олиб келиб ташланган 4000 нафар аскар жанг қилмоқда.

Озарбайжон Мудофаа вазирлигининг хабар беришича, душанба куни эрта тонгда Арманистон ҳарбийлари Озарбайжоннинг Тертер, Жебраила ва Физули шаҳарларини ўққа тутишни бошлаган. Арманистон ҳукуматининг таъкидлашича, Озарбайжонга биринчи бўлиб ҳужум қилган — Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг сўзларига кўра, Озарбайжон маҳаллий вақт билан эрталаб соат 8:00 да ҳаво ва ракета ҳужумларини уюштирган.

Арманистоннинг хабар беришича, биринчи куни 31 нафар арманистонлик вафот этган ва уларнинг кўпчилиги 2000−2002 йилларда туғилган эканлиги қайд этилган. Шунингдек, вафот этганлар рўйхатида аёл кишининг исми бор эканлиги ҳам айтилган. Озарбайжон ҳукумати қурбонлар ҳақида ҳозирча расмий маълумот бермади.