Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Тошкентда биткоин савдогарларини ҳибсга олишди, деб хабар берди Spot «Ўзбекистон 24» телеканали репортажига таяниб.

Қайд этилишича, фуқаролардан бири шериклари билан 20 биткоинни сотишга ҳаракат қилиб, уларнинг ҳар бирини бозорнинг «қора курси» бўйича 10 463 долларга (жами — 208 320 доллар) баҳолаган. 7% комиссияни ҳисобга олган ҳолда, крипто валютасини сотиш бўйича битим 224 минг долларга баҳоланган. У қиймати 100 минг долларга тенг бўлган 9,5 биткоинни электрон кармонга ўтказиб берган вақтда ушланган. Шунингдек, ундан 402 минг 71 доллар вақтинча олиб қўйилди.

Лавҳада Ўзбекистондаги крипто активлари айланмаси бўйича фаолият лицензияланишини ва операциялар крипто биржасида амалга оширилиши кераклиги эслаб ўтилди.

Шу муносабат билан мазкур ҳолат бўйича Департаментнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳудудий бўлими томонидан бир гуруҳ шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Тошкентда 2019−2020 йилларда 3 млн доллар миқдоридаги биткоинлар тижорати билан лицензиясиз шуғулланган М.А.га нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Унга нисбатан икки модда — 177 (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) ва 190 (литсензиясиз фаолият билан шуғулланиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган.