«Толибон» ҳаракати Афғонистон томонидан Ўзбекистонга хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига йўл қўймайди, дея маълум қилди ҳаракатнинг сиёсий идораси раҳбари Мулла Абдул Ғани Барадар 12 сентябрь куни Қатарда афғонлараро музокаралар доирасида «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

У Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг афғон заминида тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш бўйича саъй-ҳаракатларига юқори баҳо бериб, «Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар» темир йўли ҳамда «Сурхон — Пулиқумри» электр узатиш линияси қурилиши бўйича лойиҳаларни олқишлади.

«Бу хайрли ишлар Афғонистон учун жуда муҳим ва бу афғон иқтисодиётини кўтаришга муҳим туртки бўлишига ишонамиз. Ушбу лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш учун ўзбекистонлик кўплаб мутахассислар Афғонистонда фаолият юритади. Уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳам муҳим масала. Бу жиҳатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда асосий диққатни шунга қаратамиз», — дея таъкидлади у (иқтибос «Ўзбекистон 24» телеканалидан).

Эслатиб ўтамиз, 20 август куни Афғонистоннинг Балх провинциясида «Ўзбекистон темир йўллари» таркибига кирувчи «Сўғдиёна транс» шўъба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум уюштирилган эди. Ўзбекистон томони Афғонистон ҳудудидаги ўзбек компаниялари ходимлари ҳимоясини кучайтиришни сўради.

Февраль ойи охирида АҚШ ва «Толибон» ҳаракати тинчлик келишувини имзолаган, унда Америка қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши ва афғонлараро мулоқотнинг бошланиши кўзда тутилган эди. Мулла Абдул Ғани Бараданинг сўзларига кўра, ушбу қадамлар «Толибон»нинг тинчлик тарафдори эканини кўрасатади.

«Биз келишув шартларини бажарамиз, албатта. Шу нуқтаи назардан айтишим мумкинки, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф, таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймаймиз. Ишончим комилки, Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланади, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилади», — деди «Толибон»нинг Дохадаги идораси раҳбари.

Мулла Абдул Ғани Барада тинчлик келишувида нафақат «Толибон», балки Америка томонининг ҳам мажбуриятлари борлигини таъкидлади.

«Расмий Вашингтон Афғонистондан ўз ҳарбий қўшинларини олиб чиқиб кетади. Ҳарбийлар мамлакатни тарк этгач, биз Афғонистонни осудалик, тинчлик уйига айлантирамиз. Мамлакатда барқарорлик ҳукм суришига эришамиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, тинчлик шартномасида Қўшма Штатлар 135 кун ичида Афғонистондаги қўшинлар сонини 12000 дан 8600 гача қисқартириши, сўнгра толиблар зўравонликдан тийилса, 14 ой ичида ўз кучлари ва НАТО кучларини олиб чиқиб кетиши белгиланган. Бунинг эвазига «Толибон» АҚШ ва бошқа мамлакатларга ҳужум қилиш учун Афғонистон ҳудудидан фойдаланишдан воз кечиши керак.

Доҳадаги музокараларнинг очилиш маросимида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов афғонлараро музокараларнинг навбатдаги раундларидан бирини Самарқандда ташкил этишни таклиф қилди.

Аввалроқ Абдулазиз Камилов нима учун Ўзбекистон «Толибон» ҳаракати билан алоқаларни давом эттираётгани, дунёнинг йирик куч марказлари ушбу ҳудудда ўз манфаатлари йўлида тўқнаш келаётгани ҳамда ким Афғонистонда барқарор тинчлик кафолати сифатида ҳаракат қилиши мумкинлиги ҳақида гапириб берган эди.