Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ва Афғонистон ташқи ишлар вазири Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқотда Балх вилоятида 20 август куни содир бўлган «Сўғдиёна транс» шўба корхонаси вакилларига қуролли ҳужум ҳодисаси муҳокама қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

ATN News телеканалининг маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига таяниб хабар беришича, ҳужум Хайратон шаҳрига туташ шаҳарчада содир бўлган. Афғон жамоат муҳофазаси кучлари ҳарбий хизматчиси ўлдирилган, Ўзбекистон фуқароси жароҳатланган. Номаълум шахслар уларнинг автомобилига ўқ узган. Қайд этилишича, ўзбекистонлик «Хайратон — Мазари-Шариф» темир йўл лойиҳаси ходими бўлган.

ТИВнинг қайд этишича, Ҳаниф Атмар мамлакатнинг ваколатли органлари томонидан воқеа тафсилотлари синчковлик билан текширилаётганини ва унга алоқадар шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон томони Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўради.

«Сўғдиёна транс» ШК 2011 йил декабрида O’zbektemiryo’lekspeditsia унитар корхонаси («Ўзбекистон темир йўллари» тузилмасига киради) қошида «Хайратон — Мазари-Шариф» темир йўлидан фойдаланиш ва унга хизмат қилиш учун ташкил этилган.