Қашқадарёда сохта акцияларни пуллаб, молиявий пирамида ташкил этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси бир нечта фуқаролар мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказди.

Унда Т.Р. ва бошқалар ўзларини гўёки «N.» хорижий компаниясининг Қашқадарё вилоятидаги расмий вакили сифатида таништириб, 17 та хорижий компаниянинг сохта акцияларини сотиш эвазига 2 минг нафарга яқин фуқародан жами 9 млн АҚШ доллари йиғиб олишган.

Шунингдек, янада кўпроқ пул маблағ жалб этиш ҳамда мижозлар сонини орттириш мақсадида йиғилган пуллардан 800 минг долларини одамларга фоиз ҳисобида беришган.

Бундан ташқари, Т.Р. ўзига 78 минг долларга Volkswagen, ўғли А.Н. номига 2 та Lacetti автомашинасини ва Қарши шаҳридаги савдо дўконини сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олган даромадларни легаллаштирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Т.Р. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.