VI Халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари умумий жамоавий ҳисобда учинчи ўринни эгаллашди. Мусобақа 23 августдан 5 сентябргача давом этиб, 30 мамлакатдан 160 та жамоа ўртасида бўлиб ўтди, дея хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Аввал хабар берилганидек, терма жамоа учта мусобақада ғолиб бўлди: «Содиқ дўст», «Йўл патрули» ва «Ҳарбий-тиббий эстафета».

Ўзбекистон жамоаси «Қўшин разведкаси аълочилари», «Ҳарбий ралли», «Отлиқ марафон», «Элбрус ҳалқаси», «Хавфсиз маршрут», «Артиллерия олови устаси», «Қуролсоз уста» ва «Мерганлар марраси» мусобақаларида иккинчи ўринларни эгаллади.

Мамлакат терма жамоаси «Дала ошхонаси», «Хавфсиз муҳит» ва «Автозирҳли танктехника устаси» мусобақаларида ҳам учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Ўтган йили ҳарбийлар 32 мамлакат жамоалари билан жами 14 йўналишда беллашишди. Шулардан иккитасида биринчи, тўртта иккинчи ва бешта учинчи ўринларни эгаллашди, ва бу уларга умумий жамоавий таснифда бешинчи ўринни эгаллашга имкон берди.

Фото