31 август куни «Фориш» тоғ полигонида «АрМИ-2020» VI Халқаро армия ўйинлари «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг сўнгги шарти бажарилди, дея хабар қилди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Ҳарбий-тиббий кўпкураш мусобақаси шартига кўра, иштирокчилар тўсиқлардан ўтиш, ярадорларни жанговар техникадан хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ярадорларни сувли тўсиқдан олиб ўтиш ва эвакуация қилинадиган техникага жойлашиш каби машқларни бажаришди. «Индивидуал маҳорат» босқичидан фарқли равишда бу ерда жамоа ҳар бир аъзосининг роли, салоҳияти ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Боиси, машқларнинг кўп қисми иштирокчилар томонидан параллел равишда амалга оширилди.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, эркаклар баҳсларида Ўзбекистон жамоаси 2572 балл билан «Жамоавий биринчилик» босқичида тенгсиз топилди. Асосий рақобатчилар — россияликлар 1513 балл тўплаб, финишда иккинчи бўлди. Учинчи ўринда Белорусь жамоаси — 814 балл.

Аёллар орасида ҳам юртдошларимиз 1642 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Россия жамоасида 1452 балл. Белорусияликлар 554 балл билан кучли учликнинг қуйи поғонасида.

Навбатдаги шартни ҳам ўз фойдасига ҳал қилган ўзбекистонлик ҳарбий тиббиётчилар 2019 йилда «Фориш» тоғ полигони илк бор мезбонлик қилган «Ҳарбий-тиббий эстафета»нинг «Жамоавий биринчилик» босқичида ўрнатилган 07'35,9'' (эркаклар) ва 11'35,6'' (аёллар) вақтлик рекордларни мос равишда янгиладилар: 6'28,8'' ва 10'09,2''.

Шу билан «Ҳарбий-тиббий эстафета» халқаро мусобақаси ўз якунига етди. Барча шартлар бўйича тўпланган умумий натижага кўра, 12 857 балл билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси чемпионликни қўлга киритди.

Россияликлар 10110 балл билан иккинчи ўринни банд этди. Белорусь жамоаси эса 6585 балл билан совринли ўринни эгаллади. Кейинги ўринлар қуйидагича тақсимланди — Тожикистон, Вьетнам ва Фаластин.

Шунингдек, Қўқон мезбонлик қилган «Йўл патрули» баҳсида ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари биринчи ўринни қўлга киритди ва бу натижа Ўзбекистон жамоасининг мусобақа тарихидаги энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.

Бир неча кун давом этган беллашувларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий автомобиль назорати ходимлари жамоаси биринчи, Россия — иккинчи, Беларус эса — учинчи ўринни қўлга киритди.

Фото


Видео