4 сентябрь куни парламент қуйи палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари томонидан «Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисидаги» қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб йиғилиш ўтказилди, дея хабар берди Олий Мажлис қонунчилик палатаси матбуот хизмати. Унга кўра, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси устида иш бошланди.

«Амалдаги Меҳнат кодекси замонавий воқеликка мос келмаслиги ва фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмаслиги, иш берувчиларни, хусусан, қўшимча одамларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган мослашувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун етарли шарт-шароитларни яратмаслиги, бугунги кунда маҳсулот, товарлар ва хизматлар учун мавсумий талабнинг ошиб бориши янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексини қабул қилиш заруратини туғдирмоқда», — дейилади қонунчилик палатаси хабарида.

Сўнгги йилларда иш билан банд бўлганлар сони 1,5 баробарга (8,8 млндан 13,5 млн гача), иш берувчилар сони 4,5 баробарга (203,2 мингдан 928,9 минггача) ошди. Бу эса иш берувчи ва ходимларнинг ўзаро муносабатлари фаол ривожланиш талабларини ҳисобга олган ҳолда меҳнат муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириб боришни талаб этади.

Қонун лойиҳасининг муаллифларининг таъкидлашича кодекснинг янги таҳририга қуйидаги қоидалар киритилади:

  • иш билан таъминлаш;
  • индивидуал меҳнат муносабатлари;
  • ишчиларни касбга тайёрлаш;
  • қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
  • маълум бир тоифадаги ишчилар меҳнатига буюртма бериш хусусиятлари;
  • ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;
  • меҳнатга оид низоларни кўриб чиқиш.

Меҳнат кодексининг янги таҳрири бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатларининг мувозанатини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳамкорликка жалб қилиш, томонларнинг меҳнатнинг натижадорлигига қизиқишини рағбатлантириш, кичик бизнес ва якка тадбиркорлик соҳасига меҳнат қонунчилигини татбиқ қилиши кўзда тутилмоқда.

«Янги таҳрирдаги Кодекс лойиҳаси ходимлар ва иш берувчилар ўртасидаги якка тартибдаги ва улар билан боғлиқ бўлган меҳнат муносабатларини тартибга солишга қаратилгани билан аҳамиятли. Унда иш берувчи субъектлар сифатида мулкий ва идоравий мансублигидан қатъи назар ташкилотлар, ёллаш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ҳамда жисмоний шахслар белгиланмоқда. Мазкур қоиданинг белгиланиши ишчи ўринларининг кўпайишига, норасмий секторда фаолият олиб борувчи шахсларнинг қисқаришига ҳамда уларнинг ҳуқуқлари доимий равишда ҳимоя қилинишига олиб келади. Шу билан бирга, ҳужжатда меҳнат шартномасини тузиш билан боғлиқ айрим муносабатлар такомиллаштирилмоқда», ― дейди Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Одилжон Тожиев.

Маълумот учун, амалдаги Меҳнат кодекси 294 моддадан иборат бўлиб, 1995 йили 12 декабрда қабул қилинган.