Наманган вилоятида ҳайдовчининг бошқарув вақтида ухлаб қолиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган ва яна 3 киши тан жароҳати олган, дея хабар берди ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати.

4 сентябрь куни соат 05:00 ларда, Наманган вилояти, Поп тумани ҳудудидан ўтган «Фарғона ҳалқа йўли» йўлининг 10-километрида ҳайдовчи Ж.М. (1998 й.т.) Matiz русумли автомобилда ҳаракатланаётиб, бошқарув вақтида ухлаб қолиб, қарама-қарши йўналишга ўтиб кетган ва қаршисида келаётган ҳайдовчи И.О. (1987 й.т.) бошқарувидаги Nexia русумли автомобиль билан тўқнашган.

Натижада, Matiz русумли автомобиль хайдовчиси Ж.М. ҳамда йўловчиси 23 ёшли С.Х. ва Nexia русумли автомобиль йўловчилари 45 ёшли И.М., 39 ёшли Р.Ғ.лар оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этишган. Nexia русумли автомобиль хайдовчиси И.О. ва йўловчилари 23 ёшли Ш. С., 22 ёшли Н.А.лар тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Маълумот ўрнида, Matiz русумли автомобиль ҳайдовчиси Ж.М. бир йил давомида 9 маротаба, Nexia русумли автомобил ҳайдовчиси И.О. 1 маротаба қоидабузарлик содир этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан Поп тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.