Россиялик таниқли блоггер ва урбанист Илья Варламов 25 август куни ўз видеоблогининг навбатдаги сонида чемоданини текширгандан сўнг, унинг кроссовкалари билан қизиққан Ўзбекистон чегара хизмати ходими ҳақида эслаб ўтди.

«Қозоғистон-Ўзбекистон чегарасидан ўтган ажойиб лаҳзани эсламай иложим йўқ. Мен Қозоғистондан чиқиб, Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганимда, ўзбеклар юкхонани очиб, чамадонимни титкилай бошлашди. Чегарачи кроссовкаларни олиб чиқиб: „Қандай ўлчамда?“ Мен айтдим: 43. У: „Афсус, 41 йўқми?“. Яъни, у дўкондагидек гаплашмоқда. Кейин у чамадонимиздаги сигаретларни топди ва сигаретларни олиб қолди. Яхшиямки, менда 41 катталигидаги кроссовкалар йўқ эди, акс ҳолда у кроссовкаларни олган бўларди», — деди блоггер.

Чегарачи ҳақида ҳикоя қилинган видеодан парча ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида, хусусан, Troll.uz каналида тарқалди.

Давлат божхона қўмитаси ушбу воқеани шарҳлар экан, блогер Илья Александрович Варламов сўнгги беш йил ичида ўзбек-қозоқ чегарасидаги назорат пунктлари орқали умуман ўтмаганлигини айтди. Давлат божхона қўмитаси маълумотларига кўра, блогер 9 февралда Россиядан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри самолётда, Самарқанд аэропортига учиб келган. Сўнгра 10 август куни у Самарқанд вилоятининг «Жартепа» чегара божхона пости орқали Тожикистонга жўнаб, Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетди.

«„Жартепа“ чегара божхона постида фуқарога нисбатан божхона назорати соддалаштирилган ва тезкор усулда амалга оширилди. Ўша куни хизмат қилган Самарқанд ва Жартепа халқаро аэропортларининг чегара божхона постлари ходимлари ва фуқаро Варламов И. А. ўртасида келишмовчиликлар бўлмаган», — дея қайд этди қўмита.

Давлат божхона қўмитаси бугунги кунда Ўзбекистоннинг барча чегара божхона постлари сканерлаш мосламалари билан жиҳозланганлигини ва «фуқаролар олиб ўтаётган қўл юки ва багажга нисбатан божхона назорати тез ва амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилаётганини» таъкидлади.

Шунингдек, чегара божхона постларида Ўзбекистонга келаётган хорижлик сайёҳлар учун алоҳида йўлаклар мавжуд, дея таъкидлади Давлат божхона қўмитаси.

Давлат божхона қўмитаси божхона органлари фаолияти тўғрисида объектив ва ишончли маълумотларни нашр этишда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Илья Варламов, ўз навбатида, Ўзбекистон божхона хизмати баёнотига муносабат билдирди. Блогернинг айтишича, чегарадаги воқеа 10 йил олдин содир бўлган.

«Ҳурматли Ўзбекистон Божхона қўмитаси, сизларда ҳаммаси яхшими? Умид қиламанки, эндиликда сизларнинг сафингизда 41 ўлчамдаги оёк кийим киядиган фирибгарлар ишламайди. Бу 10 йил олдин бўлган ва аминманки, бу вақт ичида сизлар яхши томонга ўзгардингиз. Аммо, мукаммалликнинг чегараси йўқ. Мен божхона қўмитаси фаолиятини бироз яхшилаб, Россия фуқароларининг шахсий маълумотлари ва саёҳат маълумотларини нашр этишни тўхтатишни таклиф қиламан. Қучоқлайман!» — деб ёзган.

Февраль ойида Илья Варламов Самарқандга ташриф буюриб, шаҳар инфратузилмасидаги камчиликларга ишора қилган эди. Шаҳар ҳокимияти уларнинг айримларини тузатди.