Бош прокуратура BEVERLee Businees фаолиятини ўрганишни бошлаган. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати ЎзАга хабар берган.

Аввалроқ, ЎзА BEVERLee Businees компаниясининг фирибга асосланганлиги ва ўз маҳсулотларини коронавирусга даво сифатида пуллаётганлиги ҳақида ёзган эди.

«"BEVERLee Businees» масъулияти чекланган жамияти гўёки Японияда ишлаб чиқарилган маржон кальций биологик фаол қўшимчасини юздан ортиқ касалликларга, ҳатто кар, соқов, кўрликни ҳам тузатувчи шифобахш дори сифатида таништирмоқдалар. Телеграм тармоғидаги «BEVERLee саломатлик академияси», «BEVERLee club Qoʼshimcha daromad» гуруҳларида «Активный коралловый кальций» ва «Коэнзим QH» биологик фаол қўшимчаларни 200 дан ортиқ дардга даво сифатида реклама қилиб, тармоқли бизнес йўли орқали сотишмоқда. Аъзо бўлиш учун 390−400 АҚШ долларига 9 та маҳсулотни сотиб олишингиз лозим. «BEVERLee Businees» вакиллари маҳсулот Олмаотадан келишини, аммо Японияда ишлаб чиқарилишини айтишади. Ушбу жамоанинг Телеграм саҳифаларида турли гуруҳлари мавжуд бўлиб, улар бир неча йиллардан бери сафларини кенгайтириб келмоқдалар", — дейилади таҳлилий мақолада.


Фото: ЎзА.

Шунингдек, компания 120−300 нафар ҳамкор тўплаган вакилларига автомобиль совға қилишни ваъда бераётгани тилга олинган. «Автомобилга эга бўлиш илинжида маржон кальцийини саратондан тортиб, соқовликни ҳам тузатиб юборишига харидорларни аниқроғи содда одамларни ишонтиришингизга тўғри келади», — дейди муаллиф.

ЎзА BEVERLee Businees компаниясининг шубҳали фаолияти тўғрисида 2019 йилнинг декабрида ҳам таҳлилий мақола эълон қилган эди. Бироқ, шунга қарамасдан, унга нисбатан шу пайтгача ҳеч қандай чора кўрилмади.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил сентябрь ойида Ўзбекистонда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкларни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият олиб борганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият олиб бориш ҳамда бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари ҳамда интернетдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса, ЭКИҲнинг 300 дан 500 баробаригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш ёхуд 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлади.

Мазкур фаолият жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.