Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ 15 августдан бошлаб маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновлари бошланади.

Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан жорий йил 15 августдан бошлаб маҳаллий йўналишларда босқичма-босқич поездлар ҳаракати қайта тикланади. Қуйидаги йўналишларда поездлар қатнови бошланади:

  • Тошкент — Самарқанд — Бухоро — Тошкент йўналишида 2 та Afrosiyob поезди;
  • Тошкент — Самарқанд — Қарши — Тошкент йўналишида 1 та Afrosiyob поезди;
  • Тошкент — Андижон — Тошкент йўналишида 2 та йўловчи поезди қатнови йўлга қўйилади.

Йўловчилар чипталарни темирйўл кассаларидан, шунингдек, онлайн тарзда ҳам харид қилишлари мумкин.

Маҳаллий йўналишларда авиа қатновларни тиклаш жараёни ҳам босқичма-босқич амалга оширилади. «Uzbekistan airways» авиакомпанияси томонидан 15 август санасидан эътиборан қуйидаги йўналишларда маҳаллий авиақатновлар тикланади.

  • Тошкент — Нукус — Тошкент (ҳафтасига уч маротаба);
  • Тошкент — Урганч — Тошкент (ҳафтасига уч маротаба);
  • Тошкент — Термиз — Тошкент йўналишида (ҳафтасига икки маротаба).

Йўловчилардан поездлар ва самолётлар бортига чиқишда, вокзал ва аэропортлар ҳудудида ҳамда йўл давомида санитария гигиена қоидаларига доимий равишда қатъий риоя қилишлари талаб қилинади.

Маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновини ташкил этишда доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонлари (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш ҳамда ҳавосини зарарсизлантириш тизимини жорий этиш чоралари кўрилади.