Лос-Анджелесдаги (АҚШ, Калифорния) Голливуд тепаликларида жойлашган умумий қиймати 18,9 млн долларлик учта вилла бир вақтда сотувга қўйилди. Variety нашрининг хабар қилишича, объектлар бошқа компаниялар воситасида Ўзбекистоннинг биринчи президентининг кичик қизи Лола Каримова-Тиллаева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тиллаевга тегишли.

Объектларнинг нархлари 5,995 млн доллардан 6,495 млн долларгачани ташкил этади. Улар 2014 йилда алоҳида шартномалар орқали 16,1 млн долларга сотиб олинган. Тахминларга кўра, оила виллалардан яшаш учун фойдаланмаган ва уларни ижарага берган.

Variety нашрининг қайд этишича, рўйхатдаги энг қиммат кўчмас мулкка — нархи қарийб 6,5 млн доллар — 2007−2014 йилларда Америка футболи собиқ ўйинчиси Режи Буш эгалик қилган ва у ерда бир муддат Ким Кардашьян (жуфтлик 2010 йилда ажрашган) билан яшаган. Уч қаватли виллада лифт, кинотеатр, ошхона ва спа-салонли бассейн мавжуд. Объектнинг асосий ўзига хослиги эса теварак-атрофнинг панорамали манзарасидир.

Иккинчи ва учинчи уйлар мос равишда 6,4 млн ва 6 млн долларга баҳоланмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Лола Каримова-Тиллаева ва Тимур Тиллаев 2013 йилда 33 млн долларга сотиб олинган Беверли-Хиллздаги 4,4 га майдонда барпо этилган ҳашаматли кошонада истиқомат қилишади.

Фото: Instagram/Lola Karimova-Tiillyaeva.

Нашр маълумотларига кўра, оила Париж ва Швейцариядаги кўчмас мулкларга ҳам эгалик қилади. Жумладан, Женеванинг энг гавжум кўчаларидан биридаги сарой 47 млн долларга сотиб олинган.

Variety нашрининг ёзишича, Тиллаевларнинг бойлиги «Абу Сахий» савдо марказига эагликдан (ҳозирда Tashkent Trade Center эгалик қилади) келади. Хабарларга кўра, 2013−2014 йилларда савдо маркази уларга 127 млн доллар даромад келтирган. Reuters хабарида «Абу Сахий» эгалиги 2017 йилда ўзгаргани айтилади.

2018 йил март ойида «Ўзбекистон 24» телеканали 2016−2017 йилларда Ўзбекистон давлат бюджетига Тошкентдаги собиқ «Абу Сахий» бозори даромадидан 439 млрд сўм (ўша вақтдаги МБ курси бўйича 54 млн доллар) миқдоридаги маблағ келиб тушмагани ҳақида хабар қилган эди. «Тошкент савдо маркази» этиб қайта ташкил этилиб, хорижлик инвестор (AKA PETROLEUM, Германия) жалб этилганидан сўнг тушумларнинг ортгани маълум қилинди.