Президент Шавкат Мирзиёев чоршанба куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда коронавирус пандемияси бўйича қилинаётган чора-тадбирларга изоҳ берди.

Президентнинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳозирги вазиятдан келиб чиққан ҳолда хулосалар чиқармоқда.

«Тиббиёт соҳасида умуман ислоҳотлар қилинмаган десак буям адолатдан, — деди яна бир бор президент. — Аммо сўнгги уч йил давомида амалга оширилган ишлар туфайли биз [соғлиқни сақлаш тизимини] зўрға ушлаб турибмиз. Тасаввур қилинглар агар 2016 йил бўлганда нима бўларди вазиятимиз. Агар биз 10 кун ичида даволаш тизимини жой-жойига қўймасак, аҳволимиз яхши бўлмайди», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари Бехзод Мусаевга, шунингдек ҳокимликлар ва сектор раҳбарларига Тошкент тажрибасидан келиб чиқиб, бир ҳафта ичида минтақаларда кўчма тиббий бригадалар ёрдамида уйда асоратларсиз беморларни даволаш тизимини йўлга қўйишни якунлашни топширди.

«Қанчалик кўп карантинда ушласак, биз одамларни шунчалик кўп қийнаймиз. Шунинг учун, даволаш тизимини биз тезроқ ўрганиб олсак, қилган ишларимиз ўзининг ижобий натижасини бера бошлайди. Агар бунга тўғри хулоса қилсак», — деди у.

Президент COVID-19 билан касалланган беморларни қабул қилиш ва тренинг марказларини ташкил этишни давом эттириш билан минтақалардаги касалхоналарни ўзининг сурункали касалликларни даволаш профилига қайтариш муҳимлигини таъкидлади.

Аввалроқ хабар берганимиздек, Шавкат Мирзиёев шунингдек, Беҳзод Мусаевга Хитой, Ҳиндистон, Буюк Британия ва Россияда ишлаб чиқарилиши бошланган ва аҳолини эмлашни бошлаш имкониятларини ўрганишни буюрган.

Коронавирусга қарши кураш бўйича махсус республика комиссиясининг қарори билан 10 июлдан бошлаб Ўзбекистонда карантин бўйича янги чекловлар жорий қилинди, улар 15 августгача узайтирилди. Шу билан бирга, 3 августдан бошлаб Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида карантин чекловлари юмшатила бошланди.