Қашқадарё вилоятида 10 июль куни киритилиб, 15 августгача узайтирилган бир қатор чекловлар коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссиянинг қарорига биноан босқичма-босқич юмшатилади. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари, комиссия аъзоси Ахрор Содиқов маълум қилди.

27 июлдан 15 августгача Қаршида транспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (баъзи ҳоллар бундан мустасно), шунингдек шахсий автомобилларнинг шаҳар ичида ҳаракатланиши тўлиқ тақиқланган эди. Бу билан бир қаторда, фаолият юритаётган таксилар сони уч баравар камайди.

Янги қарорга кўра, 3 августдан бошлаб Қаршига кириш ва чиқиш транспорт воситаларида белгиланган вақтда — соат 7:00 дан 10:00 гача ва 18:00 дан 21:00 гача, иш сафари, дори-дармон, озиқ-овқат ва бошқа зарур товарлар сотиб олиш учун рухсат берилади.

Йўналишсиз таксилар сони икки баравар кўпаяди (уларга кун бўйи ҳаракатланишга рухсат берилади).

Шу кундан бошлаб туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, шунингдек вилоят махсус комиссиялари раисларига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • ўз ҳудудида кийим-кечак ва қурилиш бозорларида, савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини индивидуал равишда қайта тиклашга рухсат бериш (тадбиркорлар карантин талабларига риоя этилишини кафолатлаган ҳолда).
  • минтақавий махсус комиссия қарорига биноан карантин талаблари ва чекловларига жавоб бермайдиган ташкилотлар ва муассасалар, савдо ва маиший хизмат фаолиятини тўхтатиш;
  • эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш (постларни қисқартириш, автомашиналар ҳаракати вақтидаги чекловларни олиб ташлаш ва бошқалар);
  • дезинфекциялаш ишларига базавий тиббий билимга эга ишсиз фуқароларни ишга жойлашиш ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан жалб қилиш.

Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Санитария-эпидемиология фаровонлиги маркази, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари озиқ-овқат, дори-дармонлар, тиббий буюмлар ва асбоб-ускуналар, шунингдек зарур товарлар нархларининг асоссиз кўтарилишининг олдини олиш чораларини кўриши керак.

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг таъкидлашича, карантин чораларини юмшатиш «ҳамма нарса ортда қолди» дегани эмас.

«Ҳурматли раҳбарлар! Ходимларингиз карантин қоидаларига мувофиқ ишлашлари учун шарт-шароитлар яратинг. Азиз ватандошлар! Уйда қолинг, мақсадсиз кўчага чиқманг, ўзингизга ва оилангизга ғамхўрлик қилинг», — деди вилоят раҳбари.

31 июль куни соат 23:30 ҳолатига кўра, Қашқадарё вилоятида 693 коронавирус ҳолати қайд этилди (кунига + 17), 485 нафар (70%) бемор тузалди, 4 киши вафот этди.