Ҳафта бошидан республикада об-ҳаво қуруқ ва иссиқ бўлади, дея хабар берди Ўзгидромет матбуот хизмати.

Июль ойининг охири ва августнинг илк кунларида кузатилган ёмғирли ва паст ҳароратли қисқа муддатли даврдан сўнг республика ҳудудида об-ҳаво яна қуруқ, асосан кам булутли ва иссиқ бўлиши кутилмоқда. Кундузи ҳаво ҳарорати 36−39 даражагача кўтарилади, кечаси эса 20−23 даража атрофида бўлади. Синоптиклар август ойининг биринчи ярмида бундай об-ҳавонинг кузатилиши нормал ҳолат дейишмоқда.

Фақат мамлакатнинг шимолий ҳудудлари Волгабўйи устида шаклланган баландликдаги циклон билан боғлиқ бўлган нам ва салқин ҳаво оқими таъсирида бўлади. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида булутлилик ортади, 4−5 августда шамол тезлиги секундига 15 метргача кучайиши мумкин. Ҳарорат бу ҳудудларда 30−33 даража атрофида бўлади.