Ўзбекистонда 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 10 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда тегишли президент фармони пайшанба куни имзоланиши режалаштирилмоқда, дея хабар берди «Газета.uz» га ҳукуматдаги манба.

Фармонга мувофиқ, 1 сентябрдан бошлаб Республика ҳудудида:

  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори — ойига 262470 сўм (ҳозирда 238610 сўм);
  • энг кам ёшга доир пенсиялар — ойига 513350 сўм (466680 сўм);
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа — ойига 513 350 сўм (466680 сўм);
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа — ойига 315 030 сўм (286390 сўм) этиб белгиланади.

Бундан ташқари, фармонда 14 ёшгача болалари бўлган оилалар учун нафақа олувчилар сонини 2 баравар ошириш (345 мингдан 700 минггача), 2 ёшгача бўлган болага қараш учун нафақа олувчилар сонини 20 фоизга (333 мингдан 400 минггача) ва моддий ёрдам олувчилар — 13 фоизга (89 мингдан 100 минггача) ошириш кўзда тутилган.

Июль-сентябрь ойларида тугайдиган тўловлар автоматик равишда олти ойга узайтирилади. Бола парвариши бўйича нафақа олувчилардан ҳужжат топшириш учун яна бир бор мурожаат қилишлари талаб қилинмайди.

Қарорни амалга ошириш доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож гуруҳлари вакилларининг ойлик даромади 10 фоизга ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг харажатлари 1 трлн сўмга кўпаяди. Улар жамғарма маблағлари ҳисобидан, шунингдек, 2018−2019 йилларда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган фоизсиз кредитни қайтариш ҳисобидан (2 трлн сўм) молиялаштирилади.

Пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 1 июль ҳолатига кўра пенсия ва нафақа олувчилар сони 3 миллион 758 минг кишини ёки аҳолининг 11 фоизини ташкил этди. 1 январдан бошлаб бу кўрсаткич 80,7 минг кишига ёки 2,2 фоизга кўпайган.

Шундан 2,82 млн киши (75,1%) ёш бўйича пенсияни олади, 380,9 минг (10,1%) — ногиронлик бўйича пенсия, 181,1 минг (4,8%) — боқувчисини йўқотганлик учун пенсия, 375,6 минг (10%) — нафақа.

Бундан олдин пенсия ва нафақалар, шунингдек иш ҳақи 1 февралда оширилган, ўшанда ўсиш 7 фоизни ташкил этган эди.

Аввалроқ, ҳукуматнинг 29 июлдаги қарори билан, икки кун ичида кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш топширилган эди. Бунинг учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси 150 млрд сўм ажратди.