29 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 22169 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Унга кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 153 нафари Тошкент вилоятида, 51 нафари Тошкент шаҳрида, 30 нафари Наманган вилоятида, 12 нафари Сирдарё вилоятида, яна 12 нафари Фарғона вилоятида, 11 нафари Қашқадарё вилоятида, 4 нафари Қорақалпоғистонда ҳамда 3 нафари Навоий вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан 9777 киши даволанмоқда. Улардан 209 нафари оғир, 88 нафари ўта оғир аҳволда, дея баҳоланмоқда.

Айни пайтда мамлакатда 12265 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган.

Бундан ташқари, шу вақтга қадар COVID-19 асоратларидан вафот этган беморлар сони 127 нафарга етди.

Навбатдаги бемор ўлими Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшаган 52 ёшли О.Т. (эркак) бўлиб, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.

Қайд этилишича, беморда 19 июль куни «COVID-19» инфекцияси тасдиқланган ва Зангиота туманидаги Республика ихтисослаштирилган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясининг ўта оғир кечиши ва икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир респиратор дисстрес синдром, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамай ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.