Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова Қорақалпоғистон прокурори Фархат Алламбергеновга журналистларни тунда «профилактик суҳбат» га чақиргани ва уларнинг телефонлари ҳамда ноутбукини мусодара қилган прокурорларнинг ҳаракатларига танбеҳ берди. Бу ҳақда у Xabar.uz сайтига берган интервьюсида маълум қилди.

«Газета.uz» 26 июлга ўтар кечаси Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz бош муҳаррирлари Repost.uz сайтидаги, коронавирусдан даволанаётган Жоқарги Кенес раиси Муса Эрниязовнинг ўлими ҳақидаги хабарни қайта чоп этгандан (Kar24.uz янгиликларни чоп этмаган) сўнг чақирувномасиз прокуратурага чақирилгани ҳақида хабар берган эди. Repost.uz сайтида янгиликлар «хакерларнинг бузиб кириши натижасида» пайдо бўлганини хабар қилди. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 72 ёшли сенаторнинг ўлими ҳақидаги хабарни рад этди. «Газета.uz» маълумотларига кўра, унинг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Шунингдек, 26−27 июль кунлари уч нафар блогерлар- Султанбек Зияев, Шухрат Саидахмадов ва Бердах Наурызбаев Нукус ички ишлар бўлимига чақирувномасиз сўроққа чақирилган. Уларнинг телефонлари ва компьютерлари олиб қўйилган.

Светлана Ортиқованинг сўзларига кўра, прокурорларнинг ҳаракатларини «оқлаб бўлмайди».

«Кеча мен Қорақалпоғистон прокурори билан бу ҳақда гаплашдим. Вазиятни муҳокама қилаётганда, мен ушбу фактни текшираётган ходимларнинг хатти-ҳаракатларини оқлаб бўлмайди, деб айтдим. Кеча Қорақалпоғистондаги ҳамкасбларим маҳаллий журналистлардан узр сўрашди… Ҳозирда ушбу ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ўрганилмоқда ва натижалар бўйича тегишли чоралар кўрилади», — деди Бош прокурор ўринбосари.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, бу ёлғон маълумот тарқатиш иши шу тарзда ёпилганлигини англатмайди. «Ҳозирда Қорақалпоғистон ИИВ ушбу иш бўйича суриштирув олиб бормоқда… Қандай бўлмасин, қонун устуворлиги таъминланади», — деди у.

Аввалроқ, Қорақалпоғистон прокуратураси Республика ички ишлар вазирлиги ходимлари ва прокуратура ёлғон маълумотларнинг тарқалиш манбасини аниқлаш учун журналистлар билан «профилактик суҳбат» ўтказганини маълум қилганди.

Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Бош прокуратурага ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун ёзма сўров юборди. АОКА, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари журналистларни сўроққа чақиришда қонун талабларини бузганлигини таъкидлаб, журналистлар, ўз навбатида, маълумотларни текширишлари кераклигини қўшимча қилди.