Жўқорғи Кенгес раиси ва сенатор Муса Ерниязов ўлими ҳақидаги хабарни перепост қилишгани учун Қорақалпоғистондаги учта ОАВ Makan.uz, Kruz.uz ва Kar24.uz бош муҳаррирлари кечаси прокуратурага чақирилган. «Газета.uz» ушбу сайт раҳбарлари билан боғланиб вазиятга ойдинлик киритди.

25 июль куни Telegram каналларда Repost.uz сайтида Муса Ерниязов ўлими ҳақида чиқарилган хабарлар тарқала бошлади. Хабар 20 июль санаси билан чиқарилган ва сайт бош саҳифасида йўқ эди. Янгиликни бир нечта блогерлар ўз каналларида эълон қилишди, ҳамда Makan.uz ва Kruz.uz таҳририятлари Telegram каналларида ушбу хабар чиқарилди. Kar24.uz ўз каналида хабарни инкор қилган.

Бир оз вақтдан кейин Repost.uz сайт бузилганлиги сабабли ушбу нотўғри хабар жойлаштирилгани ҳақида раддия берди. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам сенатор ўлими ҳақидаги хабарларни инкор этди.

«Бизда Муса Ерниязов кунига 2−3 марта „ўлади“»


Лолагул Қаллиханова.

Makan.uz таъсисчиси ва бош муҳаррири Лолагул Қаллиханова «Газета.uz» мухбирига Муса Ерниязов ўлими ҳақидаги Repost.uz хабарини танишидан олганлигини айтди.

«Бизда 5 июлдан бошлаб Муса Ерниязов кунига 2−3 марта „ўлади“. Ўзи Қорақалпоғистондаги коронавирус билан боғлиқ ўлимлар ҳақида Тошкентда хабар беришади, чунки бизда журналистлар учун маълумот йўқ. Мен бу таҳририят хабарига ишондим, уларда информатор бордир деган ўйга бордим, хабарни ўз каналимда эълон қилиб, охирида манбани кўрсатдим», — дейди у.

«Кейин мен Repost.uz сайтидаги хабар 20 июлдан эканлигига эътибор бердим. Санани кўрдим, скриншот қилдим ва чиқардим. Матнда мен Жўқорғи Кенгес матбуот хизматини аниқлик киритишни ҳам сўраганман», — таъкидлайди Лолагул Каллыханова

Telegram-бот орқали хабар ўчирилгани ҳақида маълумот келганда, у яна скриншот қилади ва ўз каналида эълон қилади. Тез орада Repost.uz ва Жўқорғи Кенгесдан раддия чиқди.


Журналист сўзларига кўра у ётишидан олдин Kruz.uz бош муҳаррири Искандар Юсупов унга телефон қилган, ва унинг уйига одамлар келиб, Муса Ерниязов иши бўйича бўлинмага ўтишни сўрашган. «Менга бундан олдин иккита нотаниш номердан телефон қилишган эди, мен кеч бўлгани учун жавоб бермадим. Суҳбат давомида у кетаётганлигини айтди. Мен улар Нукус шаҳар милиция бўлимига боришяпти деб ўйладим, ва эртага боришга қарор қилиб, ухлашга ётмоқчи бўлдим», — деди Лолагул Каллыханова.

Makan.uz раҳбари уни прокуратурага олиб кетиш учун уйига ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг 6 та автомобили келганини айтди.

«Искандар билан гаплашганимдан 10 дақиқа ўтмай, уйимиз олдида 6 та автомобиль пайдо бўлди — Damas ва бешта енгил машина. Мен қўрқмаслигим учун ходимлар орасида қиз ҳам бор эди, шекилли. Машиналарда яшил, кўк ва фуқаролик формаларида кўплаб эркаклар бор эди. Мен ўз хонамга кийиниш учун ўтдим. Шунда менга таниш блогер телефон қилиб қолди. Мен унга мени машиналарда олиб кетишмоқчи бўлаётганликларини айтдим. Мен жуда қўрқиб қолгандим, чунки бундан олдин ҳаётимда бунақа нарсага дуч келмаганман. Кейин ички ишлар органлари ва прокуратура ходимлари уйимизга оёқ кийимида бостириб киришди, хонамга келишди ва фуқаролик кийимидаги қиз қўлимдан телефонимни юлиб олди», — айтиб беради у.

Журналист ходимлардан ҳеч бири ўзини таништирмаганиника ва гувоҳнома кўрсатмаганини айтди. Лекин уни прокуратурага олиб бориш учун ҳеч ким куч ишлатмаган (телефонни олиб қўйишдан ташқари). Унинг сўзларига кўра, уни Азиз исмли терговчи сўроқ қилган ва у маълумотни нима учун аниқлаштирмаганини сўраган.

Лолагул Қаллиханова 5 июль куни Makan.uz Жўқорғи Кенгес матбуот котиби Байрам Айтмуратовнинг Муса Ерниязов коронавирус билан оғриганлиги ҳақидаги раддиясини берганини айтди. Лекин 17 июль куни президентнинг ўзи видеоселекторда Муса Ерниязов аҳволи ҳақида маълум қилди, кечга яқин эса Соғлиқни сақлаш вазирлиги у коронавирус билан зарарланганини тасдиқлайди (Газета.uz 2 июль куни бу хабарни тасдиқлаш учун ҳаракат қилган, лекин коронавирусга қарши курашиш бўйича Нукус штаби, Корақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жўқорғи Кенгесда ушбу хабар ҳақиқатга яқин эмас дейилган).

«Шунда Жўқорғи Кенгес матбуот котибига ишончим қолмади. Фейк хабар фейклигича қолди — мен ўқувчиларим олдида дискредитация қилиндим… Мен Қорақалпоғистонда коронавирус билан боғлиқ ўлимлар ҳақида кўп янгилик бердим. Менга турли хил манбалардан акаси, опаси, турмуш ўртоғи, тез ёрдам ҳайдовчисининг ўлими ҳақидаги хабарлар келиб тушади. Раҳбарлар ҳам вафот этяпти. Яқинда Қорақалпоғистон телерадиокомпанияси директори Бахытбек Ельманов ҳам коронавирусдан вафот этди. Корақалпоғистон вазирлар кенгаши бу ҳақдаги хабарни яширди», — дейди у.

Журналист Қорақалпоғистонда маълумот тарқатиш «қаттиқ чекланганини» таъкидлади.

«Бизда шунча нотўғри хабар кўпки, улар қорақалпоқ тилида чиққани учун, ўзбек тилидаги ўқувчилар буни билмайди. Қорақалпоғистонда ахборот жуда чекланган. Коронавирусдан ўлимлар бўйича расмий статистикага ҳам ишониш керак эмас. Қўшнимизнинг эри қабристонда гўрков бўлиб ишлайди. Унинг ишида тушлик қилиш учун вақт йўқ. COVID-19 дан кўплаб одамлар ўляпти, лекин ҳаммага пневмония ташхиси ёзишяпти. Шунинг учун мен буни матбуот хизматидан аниқлаштириб ўтирмадим», — таъкидлади у.

Лолагул Қаллиханова манбаси Repost.uz ҳисобланган хабарни эълон қилгани учун жавоб бериши керакмас деб ҳисоблайди.

«Мендан телефонимни очишни сўрашди ва икки нафар гувоҳ олдида уни конвертга жойлашди. Нега менинг телефонимни олиб қўймоқчи бўлишди? Мен Муса Ерниязов ўлими ҳақидаги хабарни Telegramдан олдим. Мени қўлга олишганида, бошқа блогер Makan.uz журналисти ва бошқаларни прокуратурага олиб кетишди дея хабар берди. Шундан сўнг менга хабарни юборган одам уни ўчирди. Мен маълумотни Repost.uz сайтидаги янгиликни очиб берганлигимни айтдим. Лекин у Telegram нинг ички браузеридан очиларди, кириш тарихи сақланадиган Google Chrome дан эмас. Шунинг учун Telegram тарихида бу сақланмаган. Шу сабабли менинг телефонимни тушунадиган мутахассис текшириши учун олиб қўйишди», — дейди бош муҳаррир.

У ҳамкасбларини прокуратурада кўрмаганлигини, лекин 28 ёки 29-хонада сўроқ қилинган Искандар Юсуповнинг, Kar24.uzдан бўлган 27-хонадаги Кумар Бегниязованинг овозларини эшитганлигини айтди. У билан суҳбат 23−24 хонада бўлиб ўтган.

«Мен буларни блокнотимга ёзиб қўйдим. Лекин мендан уни тортиб олишди ва ўша варақларни юлиб ташлашди, кетаётганимда блокнотни қайтариб беришди», — таъкидлайди у.

Журналист прокуратурага унинг кейинги хабарлари ўчирилмаслигини маълум қилади, чунки Makan.uz расман рўйхатдан ўтган ва рўйхатдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга. «Улар менинг ишимга аралашишга ҳаққи йўқ», — деди у.

Лолагул Қаллиханова унинг телефонини олиб қўйишдан сабаб, COVID-19 беморларининг ўлими ҳақидаги хабарларни юборган информаторларни топиш учун олиб қўйилган деб гумон қилади.

«Шунинг учун телефонни қўлимдан юлиб олишгандир, мен уларнинг контактларини ўчиришмдан олдин», — дейди журналист.

Makan.uz раҳбари прокуратурага ариза бермоқчи эмас, чунки «уни маҳаллий каналга чиқариб, узр сўрашга мажбур қилишларини» хоҳламайди.

«Мен улар олдида унчалик паст кетмоқчимасман… Мен сиёсатга қарши бораётган оппозиционер эмасманку. Мен барибир давлат органлари билан ишлашим керак… Мен ҳамма нарсага тайёрман, чунки мен ҳақ йўлдан бораяпман, нима бўлиши мумкинлигини биламан», — деди у.

Журналист прокуратурада тўрт соат ўтказиб, эрталаб 4:00да уйга қайтганини айтди.

«Мендан телефон ва ноутбукни олиб келишни сўрашди, қаршилик кўрсатмаслигимни айтишди»


Kruz.uz бош муҳаррири Искандар Юсупов «Газета.uz» билан суҳбатда Муса Ерниязов ўлими ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб Makan.uz Telegram канали Repost.uz га ҳавола кўрсатиб чиқарганини айтди. Журналист ҳам ушбу хабарни беришга қарор қилган — у хабар 20 июлдан эканини кўрсатган ва Жўқорғи Кенгес матбуот хизматидан аниқлик киритишни матнда сўраган.

«Чунки Repost.uz ва Makan.uz хабарларидан кейин миш-мишлар бошланди. Кейин кўплар бизга савол билан чиқишни бошлади. Кейинроқ биз Муса Ерниязов тириклиги ҳақида хабарни бердик, Kun.uz журналисти Алишер Рўзиохунов Telegram каналига асосланиб. Жўқорғи Кенгес матбуот котиби билан ҳам гаплашдим, у ҳам хабарни рад этди. Кейин Repost.uz хакерлар ҳужумига учраганини маълум қилди. Биз буни ҳам эълон қилдик», — дейди у.


Искандар Юсупов ҳам ярим тундан кейин прокуратурага чақирилган.

«Бизга ИИВ ходими деб ўзини таништирган одам телефон қилди ва хабарлар юзасидан ҳаммани прокуратурага йиғишаётганини маълум қилди. Мени машинада олиб кетишларини айтишди. Мен чиқдим ва ярим тундан кейин мени олиб кетишди. Мендан нега бунақа қилганимизни сўрашди. Биз аниқлик киритишни сўраб, хабарни берганимизни айтдим. Кечаси соат бирга яқин мендан тушунтириш хати олишди», — таъкидлайди журналист.

Kruz.uz раҳбари прокуратурада 3,5 соат бўлганини ва уйга соат 3:30 ларда қайтганини айтади.

«Мен телефон ва ноутбукним уйда қолдирган эдим. Уларни олиб келишимни, бу уларга кераклигини ва қаршилик кўрсатмаслигимни сўрашди. Мен уйга техника учун бориб келдим. Ноутбукда нима бўлса, телефонда ҳам борлигини айтиб, фақат телефонни олиб қўйишларини айтдим. Лекин улар ноутбукни ҳам олиб қўйишларини айтишди. Фақат менда шундай бўлди — Makan.uz ва Kar24.uz да фақат телефонларини олиб қўйишди», — таъкидлайди у.

Унинг сўзларига кўра, телефонни гувоҳлар олдида конвертга қўйишган ва унинг олдида очишга ваъда беришган.

«Менга телефоним конвертдалигини, мендан ташқари ҳеч ким уни очмаслигини ва менинг олдимда уни текширишларини айтишди. Лекин компьютер учун конверт беришмади, шундай қолаверсин дейишди. Унга қандайдир маълумот киргизмасликларига ким кафолат бера олади? Мен уларга ишонмаслигимни ва компьютерни олишимни айтдим. Кейин улар қандайдир қоғоз топиб, скотч билан ўраб чиқишди. Улар телефон ва ноутбук фақат менинг олдимда очилишига ваъда беришди. Қўлимга ҳеч қандай ҳужжат ёки маълумотнома беришмади, лекин буларнинг барчаси гувоҳлар олдида расмийлаштирилаётганини айтишди», — дейди Искандар Юсупов.

Журналист биринчи марта прокуратурага чақирилганини, бундан олдин бунақа бўлмаганини айтди: «Олдин бунақаси бўлмаган. Аслида соат 22:00 дан 6:00 гача сўроқ учун чақиришмаслиги керак».

«Биз хабарни чиқармадик, лекин бизни чақиришгани ғалати бўлди»


Kar24.uz бош муҳаррири Кумар Бегниязова Муса Ерниязов ўлими ҳақида тарқатилган хабарни олганини, лекин Repost.uz янглилигини бермаганлигини айтди. Журналист маълумотни Жўқорғи Кенгес матбуот котибидан аниқлаштирган ва раддия олган, кейин эса Ўзбекистон ССВ ва Жўқорғи Кенгес матбуот хизматлари расмий изоҳлари бўлган.

«Кейин 00:30 атрофида прокуратурадан телефон қилишди ва бир нечта саволлари борлигини, тушунтириш хати ёзиш кераклигини айтишди. Мен яхши дедим, чунки Муса Ерниязов ўлими ҳақида ёзмаган эдим ва бунга жавоб бера олишимни билардим. Прокуратурага шахсий машинамда ҳамроҳликда бордим, мени олиб кетишмади. Терговчи савол бериб, жавобларни компьютерга киргизди. Кейин икки нафар гувоҳ олдида протокол тузишди. Мен шовқин кўтардим, чунки биз айбланувчими ёки гумонланувчими, кимнидир ўлдирдикми тушунмас эдим. Кейин телефонни текширишлари кераклигини тушунтиришди. Гувоҳлар иштирокида сайтни ҳам текширишди. Соат 3:00 атрофида мен уйга қайтдим», — дейди у.

Кумар Бегниязова унинг телефонини олиб қўйишмаганини айтди.

«Мени кечаси чақирганликларига жаҳлим чиқди ва болам билан боришимга тўғри келди. Биз хабарни эълон қилмаган бўлсак ҳам, бизни чақиришганлиги ғалати бўлади», — дейди журналист.

У Kar24.uz ни Муса Ерниязов ўлими ҳақида хабар берган бошқа Telegram канал «Қарақалпақ 24» билан адаштирган бўлишлари мумкинлигини айтди.

Кумар Бегниязова прокуратурага сўроқ учун ярим тундан кейин нега чақиришганини ва чақиришганликлари сабабини тушунтиришмаганини, ҳамда Repost.uz нинг нотўғри хабари учун бошқалар нега жавобгар бўлиши кераклигини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан тушунтириб беришни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, у Repost.uz ҳақиқатда ҳам хакерлик ҳужумига учраган ёки йўқлигини текширишни сўради.

Прокуратура

Қорақалпоғистон прокуратураси таҳририятлар муҳаррирлари прокуратурага чақирилганини тасдиқлади.

«Биласизки, ҳар қандай ёлғон хабар тарқатиш учун жавобгарлик бор. Ёлғон хабарни қорақалпоқ тилига ўгириб, Telegram каналларда жойлаган сайтлар муҳаррирлари прокуратурага чақирилди. Улар билан профилактик суҳбат олиб борилди», — дейилади хабарда.

Идора тергов ишлари бораётганини маълум қилди.

«Газета.uz» ушбу вазият юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратурасидан изоҳ сўради.

Мақола ёзилаётган вақтда Makan.uz блогер Шухрат Саидахмадов ҳам Нукус ИИБсига Муса Ерниязов ўлимига боғлиқ хабарлар учун 26 июль куни соат 18:00 атрофида чақирилганини маълум қилди. Унинг ҳам телефон ва ноутбуклари олиб қўйилган. Блогер тушунтириш хати ёзган.

Президент ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида масалани ўрганишаётганликларини маълум қилишди.