Ижтимоий тармоқларда Тошкентда коронавирусдан даволанаётган Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг ўлими тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Ушбу миш-мишларни вилоят маъмурияти, сўнгра ҳокимнинг ўзи видеомурожаат орқали рад этди.

«Бугун 24 июль 2020 йил. Ҳозирги вақтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида мен даволанишдаман. Олий тоифали шифокорлар, тиббиёт соҳасидаги врачларимиз яқиндан менга кўмак бериб, қисқа вақтда соғлиғимни анча тиклаб олдим. Худо хоҳласа, қисқа кунларда даволаниб чиқиб, ишни давом эттириш бўйича куч-ғайратимиз етарли», — деди Тўра Боболов Koronavirus Info Telegram-каналида эълон қилинган видеода.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати даволаш тактикаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартлар асосида олиб борилаётганини маълум қилди.

«Сурхондарё вилояти ҳокими тўлиқ даволаниб, яқин кунларда иш фаолиятини давом эттиради», — дейилади хабарда.

18 июль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Жокарги Кенеси раиси Муса Ерниязовнинг ҳам коронавирусга чалингани ҳамда Нукусда даволанаётганини тасдиқлаган эди.