Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Муса Ерниязов ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов коронавирусга чалинди. ССВ матбуот хизмати хабарида бу ҳақда сўз боради.Муса Ерниязов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»

Хабарга кўра, Муса Ерниязов Нукус, Тўра Боболов эса Тошкентда даволанмоқда. Уларнинг ҳолати Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассислари томонидан ҳам таҳлил қилинган. Бугунги кунда уларнинг ҳолати стабил деб топилган, олиб борилаётган даволаш тактикаси тўғрилиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган стандартлар асосида олиб борилаётгани таъкидланган.

Тўра Боболов. Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz».

Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигидаги бир гуруҳ соҳа вакиллари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюришди. У ердаги мавжуд ҳолат ўрганилиб, олиб борилаётган профилактика, эпидемиология тадбирларининг сифати танқидий кўриб чиқилди.

Республикага ташриф буюрган гуруҳ томонидан уларни даволашдаги ёндашувлар ўрганилди, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқарилган стандартлар, протоколларга риоя этилиш даражаси аудит текширувидан ўтказилди.

«Асосийси, аҳволи оғир беморлар ҳолати, уларни даволаш жараёнини таҳлил қилиш ва керакли ўзгартиришларни киритиш мақсадида хорижлик ва маҳаллий мутахассислар ва олимлар иштирокида видеоконференция ташкил этилди», — дейилади хабарда.

Унда Европа анестезия ва интенсив терапия жамиятининг президенти, Франкфурт университети клиникасидаги Анестезия, интенсив терапия ва касалликларни даволаш клиникаси директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Кай Захаровский ҳамда Франкфурт университети клиникасининг анестезиология, интенсив терапия ва шошилинч тиббиёт йўналишидаги мутахассиси, тиббиёт фанлари доктори Хольгер Неб иштирок этишди.

«Коронавирус билан касалланган беморларни самарали даволаш усулларни ишлаб чиққан Германиянинг етакчи тиббиёт мутахассислари аҳволи оғир беморларни самарали даволаш бўйича зарур тавсияларни бердилар, натижада даво-муолажаларини коррекция қилишга эришилди», — дейилади хабарда.