2020 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 12,7 минг киши судланди. Бу ҳақда Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимов сешанба куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Судланган шахслар сони 2019 йилда 14733 тани ташкил этган бўлса, жорий йилда судланганлар сони 1985 тага ёки 13,5 фоизга камайган. Бироқ, жиноят турига қараб баҳо берганда, пандемия ва карантин чекловлари жорий этилган даврни ўз ичига олган ярим йиллик мобайнида айрим турдаги жиноятлар сонида ўсиш кузатилган. Жумладан, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлаш (алимент) бўйича 332 тага, қўшмачилик қилиш, фоҳишахона сақлаш жиноятлари 38 тага, безорилик жиноятлари 174 тага, шунингдек, транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидасини бузиш 22 фоизга, фирибгарлик 14,2 фоизга, ўғирлик 11,2 фоизга, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш жиноятлари 6,2 фоизга ошган.

«Бугунги кунда Олий суд судлов ҳайъатлари ва вилоят судлари ҳар бир ҳудуд кесимида қайси турдаги жиноятлар сони ошган бўлса, уларнинг сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш, шу турдаги жиноятлар сонини камайтириш бўйича ишларни амалга оширмоқда», — дея таъкидлади Икром Муслимов.

Шунингдек, ярим йил давомида маъмурий судлар томонидан 177463 та иш кўрилган. Шундан 183137 нафар шахсга нисбатан 149 684 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар кўрилган. Бундан ташқари, 6871 та оммавий-ҳуқуқий масалаларга бағишланган аризалар кўриб чиқилиб, қонуний ҳал қилинган.