Коронавирус инфекциясига чалинган қашқадарёлик бемор ўткир нафас, сурункали буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар Чилонзор туманида яшовчи 66 ёшли И.И.да (эркак) жорий йилнинг 5 июлида ҳансираш, йўтал пайдо бўлган ва уй шароитида даволанишни бошлаган.

Аммо аҳволи оғирлашавергач, 8 июль куни тез тиббий ёрдам машинасида Зангиота туман кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасига олиб келинган. Нафас етишмовчилиги белгилари кучайгани сабабли реанимация бўлимига ёткизилган.

«Беморга „COVID-19“ инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Касаллик ўткир нафас ҳамда сурункали буйрак етишмовчилиги билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, гипертония, қандли диабет, бош мия қон томирлари атеросклерози каби ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас, сурункали буйрак ҳамда ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этгани маълум қилинади.