Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов якшанба куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистонда янги карантин чекловлари даврида эҳтиёжманд оилаларга ёрдам қандай ташкил этилиши бўйича маълумот берди.

Коронавирусга қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссияси 20 кун муддатга (1 августга қадар) карантин чекловлари жорий этилгани муносабати билан қийин вазиятга тушиб қолган 120 та энг эҳтиёжманд оилани қўллаб-қувватлаш бўйича қарор қабул қилган эди.

Уларга давлат томонидан озиқ-овқат, дори воситалари ва бирламчи товарлар кўринишида ёрдам кўрсатилиши кутилмоқда. Ушбу мақсадлар учун 20 млрд сўм ажратилади.

Вазирнинг сўзларига кўра, ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари ҳамда волонтёрлик яна йўлга қўйилади.

Раҳмат Маматов эҳтиёжмандлар ва даромадлардан маҳрум бўлган оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича алоҳида низом ишлаб чиқилганини маълум қилди. Эҳтиёжманд оилалар рўйхатини тузишда бир қатор омиллар ҳисобга олинади. Вазирлик ҳудудлар кесимида 101980 та эҳтиёжманд оиланинг рўйхатини шакллантириб бўлди.

Бундан ташқари, вазир халқ депутатлари кенгашлари қарорлари билан эҳтиёжманд оилаларга «Маҳалла» ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан ҳам зарур маблағлар ажратилишини қайд этди.

«Жойларда тузилган рўйхатларга киритилмаган, бироқ озиқ-овқат ва дори-дармонларга эҳтиёжи бўлган фуқаролар 1197 рақамига қўнғироқ қилиб, ўз эҳтиёжлари ҳақида хабар беришлари мумкин. Бундан ташқари, улар вазирликнинг 71−203−01 -21 рақамига ҳам қўнғироқ қилишлари мумкин», — дея маълум қилди Раҳмат Маматов.

Вазирликдан «Газета.uz»га хабар қилинишича, ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари рақамлари ҳозирда шакллантирилмоқда ва тез орада эълон қилинади.