Адлия вазири маслаҳатчиси ва блогер Шаҳноза Соатова ўзини ва оила аъзоларини коронавирус юқтирган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда у ўзининг телеграм каналида хабар берди.

Шахноза Соатова ўзида 4 кундан бери тана ҳарорати 37−37,5 атрофида бўлаётганлиги, оила аъзоларида ҳам иситма, йўтал кузатилаётганиги ва таъм билмаётганликлари ҳақида ёзган.

«Ярим кун СЭС эшигида сарғайиб, тест топширолмай қайтдим. Тез ёрдам ва поликлиника менда ковид бўлиши мумкин деб фақат масофадан маслаҳат беряпти, лекин тест йўқлиги учун расман ковид деб тан ҳам олмаяпти. Хуллас, бетартиблик ва тизимсизлик», — деб ёзган Шаҳноза Соатова.

Блогер энди коронавирусдан мустақил даволанашини, чунки тестсиз биров уни даволамаслигини, тестни эса топширолмаслигини таъкидлаган.

Шахноза Соатова соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиб, шундай дейди: «Шунча пайт фалонча касал тузалди деб ҳисобот бериб, шундоқ ҳам тузалиб кетаётган одамлар билан статистикангизни бойитдингиз. Яна уларни тантана билан уйига кузатиб ажойиб шоулар қилдингиз. Ўша пайтда ресурсларингизни тўғри тақсимлаб, ҳозир ўзингиз қўллаётган усулни қилсангиз, яъни ёппасига эмас, фақат ўта зарур ҳолларда касалхонага ковид билан зарарланганларни ётқизсангиз бўлмасмиди? Врачларни зўриқтирмай, бошқа ресурсларни ҳам оқилона тақсимлаш бўлмасмиди шу. Кеча ҳаммага, бугун эса ҳеч кимга бўляпти энди».

Блогер айнан шу кунларда ўзида коронавирус белгиларини сезганлар қаерга бориши, нима қилиши, ўзини ўзи қандай даволаши ҳақида йўриқнома чиқариб, тарқатишни талаб қилган. «Ҳозир энг кераклиси шу. Чунки аҳоли у ёқда турсин, тиббиёт ҳодимлари ҳам билмаяпти нима қилишни. Интернетда айланиб юрган турли рецептларни тартибсиз қўллашяпти!», — дея таъкидлайди у.

«Масалан, уч кун аввал иситмам чиққанида поликлиникага телефон қилдим, у тезёрдамга қил деди. Колл-центр ҳам тезёрдамга йўналтирди, тезёрдам поликлиникага, поликлиника яна тезёрдамга… Охири телефоним овоз ёзяпти, шикоят қиламан деганимдан сўнг участка врачим телефонда дориларни айтиб турди. Мана аҳвол! Ҳамма тест топшираман деб касал юқтириб юрибди бир-бирига ва вақтни ҳам бой беряпти. Одамларга ҳозир, бугун нима қилса, қаерга мурожаат қилса тўғри ва хавфсиз бўлишини айтиш керак,» — дейди Шаҳноза Соатова.

Davletovuz канали ушбу воқеа юзасидан қуйидагича фикр билдирган.

«Ҳар қандай касални даволашнинг биринчи талаби ҳақиқий вазиятни билиш ҳисобланади. Ҳозирча вирус тарқалишига қарши бутун дунё тан олган энг самарали усуллардан бири оммавий тест олиш бўлиб турибди. Симптоми бор одам тест топширгунча азобини кўрса, топширган тести ҳам 2−3 кунсиз чиқмаётган бўлса — бу вирусга қарши кураш эмас. Бу уч ойлик муддатдан тўғри хулоса чиқарилмаганидан, бошнинг ўрнига нафс ишлатилганидан бошқа нарса эмас. Шунчалик ҳам бўладими?»

«Ҳамманинг жони ўзига ширин, жони, жигари азоб чекаётганда, одамлар жим турмайди. Уларни ваҳима қилма, ёлғон хабар тарқатма, дея жазо билан қўрқитиб бўлмайди. Кабинетида кондиционер салқинида ишлаб ўтирган чиновниклар бировга телефон қилмасдан, оддий одам сифатида бир тест топшириб кўрсин. Иссиқда 5 соат туриб, шунда ҳам топширолса — тест топшириб, тест натижасини 2−3 кун юрак ҳовучлаб кутсин. Кўп нарсани тушунишарди», — дея таъкидлайди блогер.