Коронавирус инфекциясига чалинган термизлик бемор (эркак киши) миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Хабарда қайд этилишича, Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида яшовчи 67 ёшли Р.А. (эркак киши) жорий йил 3 июль куни ўзини ёмон ҳис қилган, нафас йўлларида яллиғланиш бўлган. 4 июль куни «COVID-19» инфекциясига намуна топширган ва шифохонага ётқизилган.

«Унга „COVID-19“ инфекциясига гумон, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Шунингдек, икки томонлама пневмония, ўткир юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган», — дейилади хабарда.

Шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, миокард инфаркти, ўткир юрак қон-томир ва нафас етишмовчилигидан вафот этлигии маълум қилинади.