9 июль куни Ўзбекистонда 472 ҳолатда коронавирус қайд этилиб, умумий 11564 тага етди, дея қайд этди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Янги ҳолатларнинг 275 таси карантин муассасаларида, 190 таси аҳоли орасида, 7 нафари эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Шу билан бирга, бугун Тошкент шаҳрида 2 нафар, Бухоро вилоятида ҳам 2 нафар (шундан 1 нафари афғонистонлик), Жиззах ва Сурхондарё вилоятларида эса 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этди.

Шунингдек, Тошкент шаҳри, Самарқанд, Наманган ва Бухоро вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида 227 нафар фуқаро соғайди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 11564 нафар бемордан 7287 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 63 фоизни ташкил этмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 4226 нафар бемордан 42 нафари оғир, 10 нафари эса ўта оғир аҳволда.