Навоийда коронавирус инфецияси аниқланган «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳудудий филиали бошқарувчиси ўринбосари Х. Ш. вафот этди. Навоий вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу хабарни тасдиқлади.

Вилоят маъмурияти маълумотларига кўра, 38 ёшли мутахассис 2 июль куни вилоят болалар юқимли касалликлар шифохонасида коронавирусга тест топширган. Унга «COVID-19» инфекцияси оғир кечиши ташхиси қўйилган. Касаллик икки томонлама зотилжам, нафас етишмовчилигининг 1−2-даражаси асорати билан кечган.

6 июль куни беморнинг аҳволи ўта оғирлашган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамасдан, у оламдан ўтган.

Аввалроқ Навоий вилоят ҳокими Қобил Турсунов вилоят аҳолисига мурожаатида ҳудудда коронавирусдан биринчи ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилган эди.