Тошкентда автомашиналарни жарима майдонидан чиқариб олиш учун онлайн тизим синов тариқасида ишга туширилди. Бу ҳақда «Oʻzbekiston 24» телеканалида маълум қилинди.

«ЙҲХ қоидаларини бузган ҳайдовчига инспектор томонидан машинанинг жарима майдонига олиниши тўғрисида протокол тузилади. Ушбу протокол маъмурий бўлимга юборилади, шундан сўнг у автоматлаштирилган тизимга киритилади», — деди ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлими бошлиғи Илҳом Идиров.

Протокол ДЙҲХХ сайтида рўйхатдан ўтказилганидан сўнг, ҳайдовчининг телефон рақамига жариманинг миқдори ва автомобиль жойлашган тўхтаб туриш жойи тўғрисидаги маълумотлар юборилади.

Тизимнинг яна бир афзаллиги шундаки, ҳайдовчи онлайн режимда барча зарур ҳужжатларни инспекторга тақдим қилиши мумкин. Шундан келиб чиққан ҳолда, инспектор қонунбузарлик учун жарима миқдори тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақда маълумотни сайтга жойлаштиради. Қоидабузар жаримани электрон тизим орқали ёки энг яқин банк кассалари орқали тўлаши мумкин.

Агар тизим синовдан муваффақиятли ўтса, у бутун республика бўйлаб амалга оширилиши режалаштирилган.