АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, дунё бўйлаб тасдиқланган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар 10 миллиондан ошди.

Қайд этилишича, умумий COVID-19 билан зарарланганлардан 5,07 млн нафари мазкур инфекциядан тузалган ва 500 минг нафари эса вафот этган.

Энг кўп коронавирус инфекцияси билан боғлиқ ҳолатлар АҚШда қайд этилган — 2,51 млн нафар беморда. Иккинчи ўринда Бразилия жойлашиб, ҳозирда мамлакатда 1,31 млн дан ортиқ кишида COVID-19 аниқланган. Россияда эса 633 мингдан ортиқ коронавирус ҳолатлари тасдиқланган.

Қўшни Қозоғистонда 20,7 мингдан ортиқ, Тожикистонда 5799 нафар, Қирғизистонда 4748 нафар ва Афғонистонда 31 мингга яқин коронавирус беморлари аниқланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 11 март куни коронавирус пандемиясини эълон қилганида, дунё бўйлаб ушбу инфекция билан касалланганларнинг умумий сони 118 минга тенг эди. 2 апрель куни эса беморлар сони 1 млн дан ошгани эълон қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган беморлар сони 7725 кишига етгани ҳақида хабар берилганди. Айни пайтда мамлакатда 5240 нафар COVID-19 га чалинган фуқаролар соғайган ва 2465 киши даволанмоқда. Йигирма киши ҳаётдан кўз юмган.