Корпоратив ахборот ягона порталида Uzbekistan Airways миллий авиакомпанияси бошқарув раиси ўринбосари лавозимига Туркиядан жалб этилган мутахассис Орхан Сиврикая тайинланди. Раҳбариятдаги тайинловга Spot.uz аҳамият берди.

Мазкур тайинлов қарори компания акциядорларининг 18 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари умумий йиғилишида якдил овоз билан тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил ноябр ойида Орхан Сиврикая «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси сифатида жалб қилинганлиги ҳақида хабар берилганди.

Орхан Сиврикая (1967 йилда туғилган) — техника фанлари номзоди, фуқаролик авиацияси масалаларида таниқли топ-менежер. Босфор университети (саноат муҳандислиги факультети, 1991 йил) битирувчиси. Туркия, Европа ва Шимолий Америкада авиайўналишларни режалаштириш ва бошқариш, янги бизнес-моделларни ташкил этиш, маркетинг ва даромадларни бошқариш бўйича масъулиятли лавозимларда ишлаган. Яқин вақтларга қадар Turkish Airlines вице-президенти лавозимида фаолият кўрсатган.

Илгари Орхан Сиврикая авиакомпанияни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш, жадвалларни оптималлаштириш ва самолётлар паркини режалаштириш, маркетинг ва савдо, шунингдек ахборот технологияларини жорий этиш каби вазифаларни бажариб келаётган эди.