Вазирлар маҳқамасининг қарорига биноан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобир Исламовга янги ташкил этилган Геология фанлари университети ректори вазифасини бажариш юклатилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси «Газета.uz» га таъкидлашича, Бобир Исламов бир вақтнинг ўзида ҳам университетга ректорлик ҳам қўмитага раислик қилади.

Геология фанлари университети

Эслатиб ўтамиз, 8 июнь куни Ўзбекистон президентининг қарорига асосан Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети ташкил қилинганди.

Унга кўра, университет Давлат геология қўмитаси тизимига қарашли бўлиб, тоғ-кон саноати корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун геология йўналишидаги малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот ишларини бажариш бўйича республиканинг ихтисослашган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

Университетга қабул қилиш ва ўқиш 2020/2021 ўқув йилидан бошланиб, унда талабалар Ўзбекистон давлат таълим стандартлари асосида геология ва кончилик йўналишидаги етакчи хорижий олий таълим муассасалари, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг қўшма таълим дастурлари бўйича, улар билан эришиладиган келишувларга мувофиқ ўқитилади.

Шу билан бирга, университет ҳузурида Геоинновацион технологиялар маркази ҳам ташкил этилади ва унда қуйидаги вазифаларни бажарилиши белгиланган:

  • ер қаърини геологик ўрганиш, оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида тадқиқотлар ва ишланмаларни янада ривожлантириш учун илғор илмий-техник база яратилади ва самарали фаолият юритилади;
  • минерал хомашёни ўрганишнинг энг янги усулларини ва технологияларини эгаллаган малакали кадрларнинг янги авлоди тарбияланади;
  • пировард натижада, ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш ва моддий қийматларни қайта тўлдиришга йўналтирилган ихтирочилик ғоялари ва лойиҳалари шаклланиши учун ноёб тадқиқот майдончаси, изланувчанлик ва ихтирочилик муҳити яратилади;
  • глобал инновацион тизимга интеграция қилиш, замонавий рақобатбардош усуллар ва технологик ечимлар яратиш учун инвестициялар ва илғор технологияларни жалб этишга, шунингдек, илмий-техник ва инновацион дастурларда, халқаро конкурслар ва грантларда фаол қатнашишга имкониятлар яратилади.

Университет ҳузурида етакчи геология ва кончилик йўналишидаги хорижий олий таълим муассасаларининг, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетининг махсус умумтаълим ва базавий техник фанларини ўқитишга ихтисослашган Бошланғич муҳандислик тайёрлаш марказини ташкил этилади.

Университет ҳузуридаги Бошланғич муҳандислик тайёрлаш маркази битирувчилари ўз ўқишларини мутахассислиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат геология қўмитасининг нуфузли таълим муассасалари билан келишувига асосан хорижий олий таълим муассасаларида, шу жумладан, Санкт-Петербург кончилик университетида ёки Университетда давом эттириши белгиланган.

Президент қарорида белгиланишича, университет 2020−2021 ўқув йилида И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Санкт-Петербург давлат университетининг филиалини ҳамда Япония рақамли университетини ташкил этиш тўғрисидаги ҳукумат қарори лойиҳалари муҳокамага қўйилганди.