Ўзбекистонда Санкт-Петербург давлат университетининг филиалини ташкиллаштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 8 июнь куни эълон қилинган Президент қарори лойиҳасида қайд этилган.

Ушбу ҳужжат қонунчилик ҳаракатларини баҳолаш тизими порталига халқ муҳокамаси учун жойлаштирилган. Лойиҳа Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

ОТМ биринчи навбатда шарқ тиллари филологияси, этнография, шарқ мамлакатлари иқтисодиёти ва биотиббиёт каби йўналишларда мутахассислар тайёрлаши кутилмоқда.

Филиалда таълим Санкт-Петербург давлат университети томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлари асосида белгиланган стандартларга мос равишда рус тилида олиб борилади.

Филиал Тошкент давлат шарқшунослик университетининг Тошкент шаҳри, Миробод тумани, М.Ойбек кўчаси, 16-А-уй манзилида жойлашган биносига тегишли коммунал ва фойдаланиш харажатларини қоплаган ҳолда «нол» ставкадаги ижара тўлови асосида жойлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Санкт-Петербург давлат университети дунё ва Европанинг энг йирик илмий-таълим марказларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда у ерда 30 мингдан ортиқ талаба таҳсил олади, Нобель ва Филд мукофоти номзодлари фаолият олиб боради. Университет ўзининг 15 та катта лабораториялари ва 26 та ресурс марказларига эга.