Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Тошкентда Япония рақамли университетини ташкил этиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, Япония рақамли университети (Japan Digital University — JDU) бакалавриат йўналиши бўйича 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаши кўзда тутилган.

Мазкур университетнинг таъсисчилари этиб Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Япониянинг Digital Knowledge компанияси қайд этилган. Шу боис, университет ЎзДЖТУ томонидан ишлаб чиқилган ҳамда тасдиқланган ўқув режалари ва дастурлари бўйича япон ва инглиз тилларида кундузги ва масофавий таълим шаклларида амалга оширилиши белгиланган.

Университетда ўқитиш тўлов-контракт асосида «Муҳандис-дастурчи» ва «Бизнес бошқаруви» бакалавриат таълим йўналишлари бўйича олиб борилиши кутилмоқда.

Янги ташкил этилаётган университет битирувчиларига ЎзДЖТУ томонидан «Компьютер лингвистикаси» йўналишида давлат намунасидаги диплом, шунингдек, Япониянинг Отемае университети, Токио онлайн университети ва бошқа университетлардан бирининг тегишли йўналиш бўйича белгиланган намунадаги дипломи берилади.

«Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Япония қонунчилигига риоя қилган ҳолда хорижий мамлакатларда иш ўринлари таклиф этади», — дейилади қарор лойиҳасида.

«Япония рақамли университети» ЎзДЖТУ биносида жойлашиши режалаштирилган.

Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 16 июнгача давом этади.