Марказий банк бошқаруви асосий ставкани йиллик 15 фоиз даражасида ўзгаришсиз сақлаб қолишга қарор қилди, дея хабар берди банкнинг матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Марказий банк бошқаруви бу қарорни инфляция прогнозининг барқарор пасайиш тренди шаклланиб бораётганлиги ҳамда иқтисодиётнинг тикланиш шароитида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш мақсадлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш билан изоҳлайди.

«Марказий банк инфляция прогнозининг пасайишидан келиб чиққан ҳолда, кейинги йиғилишларда асосий ставка даражасини пасайтириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда», — дейилади хабарда.

Бошқарувнинг навбатдаги асосий йиғилиши 23 июлга белгиланганлигги маълум қилинди.

Қарорнинг асосий омиллари

Марказий банк бошқаруви мазкур қарорга келишда бир қатор омилларни санаб ўтди: инфляция ва инфляцион кутилмалар, иқтисодий фаоллик, пул-кредит шароитлари ва мамлакатда ўрнатилган карантин тадбирлари билан боғлиқ хатарлар ва ноаниқликлар.

Инфляция ва инфляцион кутилмалар. Апрель ойида пандемия таъсирида инфляция 1,7 фоизни ташкил этди ва бу асосий озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва шахсий гигиена воситаларига бўлган талабнинг кескин ўсиши ва унга бозор нархларининг мослашиши билан изоҳланади.

Май ойида нархларнинг умумий даражаси айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг пасайиши, пандемияга қарши чеклов чораларининг юмшатилиши ва иқтисодий фаолликнинг аста-секин тикланиши ҳисобига нисбатан барқарорлашди. Май ойида нархлар 0,3 фоизга ўсиб, йиллик инфляция 14 фоизни ташкил этди ва прогноз кўрсаткичлари доирасида бўлгани маълум қилинди.

Таъкидланишича, пандемия шароитида аҳоли томонидан асосан озиқ-овқат ва дори-дармон товарларига эҳтиёж юқори бўлди ва бир вақтнинг ўзида ноозиқ-овқат товарлари сотиб олиш ҳажми камайди ҳамда бу ўзгаришлар истеъмол нархлари индексида ҳам ўз аксини топди.

Ўз навбатида, бу омил аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган инфляция даражаси ҳамда инфляцион кутилмаларига маълум даражада таъсир кўрсатди.

«Май ойида истеъмол нархларининг нисбатан барқарорлашиши билан инфляцион кутилмаларда ҳам пасайиш кузатилди, лекин ҳали ҳам инфляцион кутилмалар юқори даражада сақланиб қолмоқда», — дейилади хабарда.

Иқтисодий фаоллик. Апрель ойида чеклов чоралари ва жаҳон бозорларидаги вазиятнинг ёмонлашуви сабабли иқтисодий фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилди. Ишлаб чиқаришнинг қисман тўхтатилиши ва уй хўжаликлари даромадларининг камайиши иқтисодиётдаги ялпи талабнинг қисқаришига олиб келди.

Хусусан, банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган ўтказмаларнинг умумий сони сезиларли даражада камайди. Ушбу кўрсаткичнинг пасайиши ўтган йилнинг мос даврига нисбатан апрелда 39,8 фоизни, майда эса 34,7 фоизни ташкил этди. Энг катта пасайиш апрель ойида кузатилган бўлиб, май ойида аста-секин тикланиш кузатила бошланди ва ўтказмалар ҳажми апрель ойига нисбатан 7,6 фоизга ўсгани айтилди.

Май ойида, шунингдек, тижорат банкларига савдо ва пуллик хизматлардан нақд пуллар тушуми ҳам тиклана бошланди. Хусусан, апрелда банкларга 3,4 трлн сўмлик нақд пул тушуми келиб тушган бўлса, майда мазкур кўрсаткич 44 фоизга ошиб, 4,9 трлн сўмни ташкил этди.

Шу билан бирга, май ойида савдо ва пуллик хизмат кўрсатувчи субъектларда терминал орқали тўловлар ҳажми апрелга нисбатан 25 фоизга кўпайиб, 5,2 трлн сўмга етди.

Шу каби ҳолат Ўзбекистон товар-хомашё биржаси савдоларида ҳам кузатилди. Апрелда савдо ҳажми олдинги ойга нисбатан 9,4 фоизга пасайган бўлса, май ойида 39,7 фоизга ўсди.

«Трансчегаравий пул ўтказмалари оқими тикланмоқда ва бу ўз навбатида, аҳолининг истеъмол кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади. Хусусан, май ойида пул ўтказмалари ҳажми апрелга нисбатан 234 млн. долларга кўпайди ва 484 млн. долларни ташкил этди», — дея маълумот берилади хабарда.

Саноат маҳсулотлари соҳасида май якунлари бўйича ишлаб чиқаришнинг апрелга нисбатан 27 фоиз бандга тикланиши кутилмоқда.

Шунингдек, Марказий банк келтирган дастлабки маълумотларга кўра, биринчи ярим йиллик якунлари бўйича қурилиш соҳасида ўсиш кўрсаткичлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4 фоиздан зиёдга кўпайиши, қишлоқ хўжалиги соҳасида эса 3 фоиз атрофида юқори бўлиши кутилмоқда.

Май ойида чеклов чоралари юмшатилиши билан вазият яхшилана бошлади ва иқтисодий фаолликнинг босқичма-босқич тикланиш тенденцияси кузатилмоқдалиги таъкидланди.

Пул-кредит шароитлари. 2020 йилнинг ўтган 5 ойида ҳам Марказий банк бир маромда қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолди. Апрелда асосий ставканинг 1 фоиз бандга пасайтирилишига қарамай, депозитлар ва кредитлар бозорида ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолмоқда.

Апрелда миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси мартга нисбатан 0,7 фоиз бандга пасайиб, 24,1 фоизни ташкил этган бўлса, миллий валютадаги 1 йилдан ортиқ муддатли депозитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаси 0,5 фоиз бандга ошиб, 19,3 фоизга тенг бўлгани маълум бўлди.

«Кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкаларининг пасайиши умумий кредит портфелида юқори фоиз ставкали истеъмол кредитлари улушининг қисқариши билан изоҳланади ва келгуси ойларда ҳам мазкур тенденциянинг сақланиб қолиши кутилмоқда», — дейилади хабарда.

Иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиши, валюта алмашув курси ўзгаришларини ҳисобга олмаганда, май ойида апрелга нисбатан (2,2 фоиздан 2,8 фоизгача) тезлашди ва 5 ой якунлари бўйича 14,4 фоизни ёки 30,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Хабарга кўра, умумий пул массаси эса 1 июнь ҳолатига 99,2 трлн. сўмни ташкил этиб, асосан сўнгги 2 ойда сезиларли (8,7 трлн. сўмлик ёки 9,7 фоизлик) ўсиш кузатилди. Бунда муддатли депозитлар ўсиш суръатлари апрель ойидаги секинлашишдан сўнг, май ойига келиб яна тикланди ва йиллик 12,3 фоизни ташкил этгани маълум бўлди.

Шунингдек, Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Ботир Захидов таъкидлашича, Ўзбекистонда сўнги 2−3 йилда бизнес муҳит яхшилашга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилгани натижасида аҳоли орасида тадбиркорлик билан шуғулланишга қизиқиши ошган. Бу эса, ўз навбатида, кредитга бўлган талабни кескин ўсишига олиб келган.

«Бу талаб ошиши кредит ва депозит фоиз ставкаларини ўсишига олиб келмоқда. Бугунги кунда бизнес учун кредитларга бўлган ўртача фоиз ставкаси 24−26 фоизни, жизмоний шахсларга эса чакана кредитларнинг ставкаси 30 фоизгача етмоқда», — дея таъкидлади у.

Пандемиянинг ликвидликни шакллантирувчи омилларга таъсири натижасида тижорат банклари томонидан депозит операцияларига талаб қисқарган бўлса, аксинча РЕПО ва СВОП операцияларига талаб ортиб бормоқда. Хусусан, февраль-май ойларида Марказий банкнинг ўрта муддатли депозит операциялари орқали ўртача 425 млрд. сўмлик ликвидлик жалб қилинди. РЕПО ва СВОП операциялари орқали эса ўртача 673 млрд. сўмлик ликвидлик тақдим этилди. Бунда операциялар ўртасидаги соф фарқ 248 млрд. сўмни ташкил этиб, банклар ликвидлигини қўллаб-қувватловчи омиллардан бири бўлди.

Май ойида банклараро пул бозорининг фаоллашуви кузатилди ва жами амалиётлар ҳажми 4,4 трлн. сўмни ташкил этиб, апрелга нисбатан 2,0 трлн. сўмга (85,0 фоизга) кўпайди. Бунда 14 кунгача бўлган депозитлар фоиз ставкаси айрим тебранишлар билан фоиз коридори доирасида шаклланган бўлса, узоқ муддатли ресурсларга бўлган талабнинг юқорилиги сабабли 30 кунгача ва ундан ортиқ муддатли депозитлар бўйича фоиз ставкалари нисбатан юқори бўлди.

«Миллий валюта курси ташқи ва ички омиллар таъсирида апрель ойида 5,8 фоизга қадрсизланган бўлса, май ойида нисбатан барқарор даражада шаклланди», — дейилади Марказий банкнинг хабарида.

Хатарлар ва ноаниқликлар. Карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилишига қарамай, иқтисодиётда инфляцион жараёнларнинг истиқболлари бўйича икки томонлама омиллар — бир томондан, ялпи талабнинг заифлашиши билан боғлиқ пасайтирувчи омил ва иккинчи томондан чекланган таклиф шароитида нархларнинг ўсишига таъсир қилувчи омиллар билан боғлиқ ноаниқликлар сақланиб қолаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари иқтисодиётининг тикланиши ҳамда бизнес янги иқтисодий воқеликларга мослашишининг узоқроқ муддатга чўзилиши маълум бир ноаниқликларни келтириб чиқараётгани Марказий банк бошқаруви томонидан билдирилди.

Бунда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлиги ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун асосий маҳсулотларнинг захираларини тўлдириш ва таклифини ошириш чораларини кўриш зарурлиги қайд этилди.

Биринчи ярим йиллик охирига келиб, алмашув курсининг апрель ойидаги ташқи ва пандемия шароитларига тўғриланишининг таъсири пасайиши ҳамда йиллик инфляциянинг жорий даражаси (14−14,5 фоиз) сақланиб қолиши кутилмоқда.

Марказий банк йил охирига қадар инфляция прогнозини 11−12,5 фоиз даражасида сақлаб қолиши ва бунда II ярим йилликда инфляциянинг сезиларли даражада пасайиши кутилмоқда. Мазкур кутилмаларнинг асосий омиллари сифатида фаолликнинг аста-секин тикланиши билан ялпи таклифнинг талаб билан мувозанатлашиши ҳамда тартибга солинадиган нархларнинг ўзгаришсиз сақланиб қолишини келтириш мумкин.

«Июнь ва июль ойларида йиллик инфляция пасайиш тенденциясининг оралиқ мақсадли кўрсаткичлардан паст даражада сақланиб қолиши йилнинг II ярмида асосий ставкани пасайтириш учун шароит яратади» — дея маълум қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Марказий банк асосий ставкани йиллик 16 фоиздан 15 фоизгача тушириб, бундай қарор инфляция пасайиши прогнозини ҳисобга олган ҳолатда қабул қилганди.

Шунингдек, аввалроқ, бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров кред бўйича ставкаларнинг фоизи камайиши ҳақида маълум қилганди.