БАА бош вазири ўринбосари, президент ишлари бўйича вазир Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён Қорақалпоғистонда дала лагерини қуришни режалаштирмоқда. Дала лагерини қуриши учун ер ажратиш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси фармойиши лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, Қўнғирот туманидаги Устюрт платоси «Елабад» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги захира ер майдонларидан 200 гектар яйлов ерлар ал Наҳаяннинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонасига 10 йил муддатга вақтинчалик фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиб бериш кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, дипломатик ваколатхона томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш нобудгарчиликларининг ўрнини қоплаш мақсадида 1 млрд 989 млн сўмга яқин миқдорда товон пули тўлаб берилади.

Дала лагерини қуриш учун ажратилаётган ер майдонларидан оқилона ва белгиланган мақсадга мувофиқ фойдаланилмаганда, кимёвий ва радиоактив ифлосланишига, атроф муҳитнинг бузилишига, республика ҳудудида карантин объектларнинг пайдо бўлишига ва тарқалишига олиб келувчи усуллардан фойдаланилганда ажратилган ер участкасининг ижара шартномаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Фармойиш лойиҳасига берилган тушунтириш хатида фармойишни қабул қилиш зарурияти сифатида йўқолиб кетиш хавфи бўлган қушларни кўпайтириш ва уларни боқиш келтирилган.

Маълумот учун, Шайх Мансур бин Зоид Ол Наҳаён айни вақтда «Манчестер Сити» футбол клубининг эгаси ҳисобланади.