Қашқадарё вилоятининг Китоб тумани тўлиқ карантинга ёпилди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вилоят ҳокимлиги матбуот хизматига таянган ҳолда.

Қайд этилишича, коронавирус билан касалланганлик бўйича гумонланиш ҳолати қайд этилгани, гумонланувчи кўплаб фуқаролар билан мулоқотда бўлганлиги муносабати билан эҳтиёт чораси сифатида туман ҳудуди тўлиқ карантинга ёпилган.

Гумонланиш ўз тасдиғини топгунга қадар карантин талаблари кескин кучайтирилиб, кириш-чиқиш йўллари тўсилди. Автотранспорт ва пиёда ҳаракатланиш қатъий назоратга олинди.

Аввалроқ Ўзбекистонда яна 8 кишида коронавирус аниқланиб, жами тасдиқланган ҳолатлар 3554 тага етгани хабар қилинган эди. Янги касалланиш ҳолатларининг 3 таси Карантин марказидаги фуқаролар орасида, 1 нафари Тошкент шаҳрида карантинда бўлган фуқарода, 4 нафари эса Бухоро вилоятида аниқланган. Бухорода COVID-19 аниқланганларнинг 3 нафари Шофиркон туманида коронавирус аниқланган ҳайдовчи билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар, яна 1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси.