26 май куни Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида HOWO русумли юк машинаси катта йўл четида кетаётган эшак аравани уриб юборди. ЙТҲ натижасида икки киши — ёш эр-хотин ҳаётдан кўз юмди.

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти матбуот хизматининг хабар қилишича, ҳодиса соат 06:00 да М-39 «Тошкент-Термиз» Халқаро автомобиль йўлида содир бўлган. 28 ёшли Қ.Ж., МЧЖга тегишли юк машинасида «Тошкент-Чиноз» томонга ҳаракатланар экан, ўзи билан бир йўналишда йўлнинг ўнг қисмида эшак аравани бошқариб кетаётган фуқаро 24 ёшли Х.В. ва турмуш ўртоғи 20 ёшли О.В.ни автомашинанинг ўнг олд қисми билан уриб юборган.

Натижада Х.В. ва унинг турмуш ўртоғи О.В. олган тан жароҳатлари билан тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган, О.В,га кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

27 май куни Х.В. ҳам кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан олган оғир тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Жиноят иши ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» бандига (одамлар ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) қайта малакаланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 26 май куни Фарғона вилоятининг Бувайда тумани ҳудудида ҳам худди шунга ўхшаш ЙТҲ содир бўлгани хабар қилинган эди. 28 ёшли М.Ғ. бошқарувидаги MAN эшакка уланган аравада бораётган ота-болани уриб юборган, натижада ота воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган эди.