Прописка қилиш тартибига оид амалдаги низом 1 сентябрга қадар амал қилади, дея хабар берди Адлия вазирлиги. Ўзбекистон президентининг прописка бўйича фармонига асосан ҳукуматнинг тегишли қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, прописка қилиш тартибига оид амалдаги низом 2020 йил 1 сентябрга қадар кучга эга бўлиб қолади. Шу билан бирга, 1 сентябрдан мазкур ҳукумат қарори билан янги тасдиқланган Ўзбекистон фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш тартиби тўғрисида низом кучга киради.

Мазкур янги низомга мувофиқ, фуқаро янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 15 кун ичида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (МваФРБ), Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтишлари шарт (ҳозир 10 кун муддатда).

Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали рўйхатнинг 1, 6 ва 7-бандларига мансуб фуқаролар доимий рўйхатдан ўтишлари мумкин. Булар, қонун ҳужжатларига мувофиқ олинган уй-жойга эга бўлган Ўзбекистон фуқаролари, Тошкент шаҳрида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролар ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган фуқаролардир.

Доимий рўйхатга олиш учун ариза берувчи миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат қилади ва белгиланган ҳужжатларни тақдим этади. Фуқаро ҳақидаги маълумотлар автоматик тарзда тегишли маълумотлар базаларидан текширилади.

Тартибга кўра, мурожаат қилинган куннинг ўзида фуқаронинг паспортига аввалги доимий рўйхати бекор қилинганлиги тўғрисида штамп босилади ва фуқаронинг хоҳишига кўра доимий рўйхатга олинганлиги ҳақида QR-CODE билан ҳимояланган қайд варағи тақдим этилади. Эндиликда, рўйхатга олишни расмийлаштириш учун 1 кун талаб этилади (ҳозирда 3 кун).

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев «прописка тўғрисида"ги қонунни имзолаган эди. Мазкур фармон билан доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш бўйича қатор янги тартиботлар белгиланган эди.