1 январгача идоравий қонун ҳужжатларини қабул қилиш тўхтатилади. Ўзбекистон президентининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида ушбу тартиб жорий этилди.

Ҳужжатда 1 июлдан бошлаб хўжалик бошқаруви органлари ваколатига кирувчи масалалар ва корпоратив муносабатлар қонуности ҳужжатларини қабул қилиш ёки маъмурий усуллар орқали тартибга солиниши тақиқланади.

Шунингдек, идоравий қонун ҳужжатларига жисмоний ва юридик шахслар учун қўшимча тўлов ва йиғимларни белгиловчи, ортиқча маъмурий ва бошқа чеклашларни назарда тутувчи, уларга асосланмаган харажатлар юзага келишига олиб келувчи, рухсат бериш хусусиятига эга бўлган ҳуқуқий нормаларни киритишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга ҳуқуқий нормалар киритишга йўл қўйилмайди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар вазирликда мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олинади ва кучга киради.

2020 йил 1 июлдан бошлаб қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда қуйидагиларни назарда тутувчи «пакет» принципи жорий қилинади:

  • янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни амалга оширишга қаратилган ҳаволаки нормалар янги қонун билан бирга ёки қонунда белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва кучга киради;
  • янги қонун лойиҳаси билан белгиланаётган қоидалар илгари қабул қилинган қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритишни тақозо этганда, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш янги қонунни қабул қилиш билан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади;
  • вазирлик ва идоралар ўзлари томонидан қабул қилинган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчаларни битта ҳужжат билан киритади;
  • Адлия вазирлигига Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат реестрида мавжуд бўлган ҳужжатларга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилади, бунда улар айнан бир хил масалада ва техник кўринишда бўлиши лозим.

Қонунчиликни тизимлаштириш ва ортиқча ҳуқуқий тартибга солишни камайтириш мақсадида 2020 йил 1 июлдан 2021 йил 1 январгача идоравий қонун ҳужжатларини қабул қилиш тўхтатилади. Ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги, шунингдек, унификация қилишни назарда тутувчи идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш бундан мустасно.

Идоравий қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, келишиш, қабул қилиш, ҳуқуқий экспертиза ва давлат рўйхатидан ўтказиш 2020 йил 1 июлдан бошлаб синов тариқасида, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб эса тўлиқ Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими орқали амалга оширилади.