Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 8−10 май кунлари Дубай, Минск, Сеул ва Деҳлидан 800 дан ортиқ фуқаро чартер рейслар орқали мамлакатга олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

11 май куни Франкфуртдан чартер рейс орқали 168 нафар фуқаронинг келиши кутилмоқда.

Республика махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон фуқароларини бошқа давлатлардан ватанга қайтариш учун авиарейслар ташкил этиш бўйича иш олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Ўзбекистон фуқаролари қайтиб келгандан кейин 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Россия, Туркия, БАА, Ҳиндистон ва бошқа давлатлардан 11 мингдан зиёд фуқароларни қайтаришни режалаштираётгани ҳақида маълум қилган эди.