Ўзбекистон ҳукумати хорижий мамлакатлардан қийин вазиятларда қолиб кетган яна 11 минг фуқарони қайтариш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 7 май куни ведеселоктор йиғилишида маълум қилди.

«Кўплаб мамлакатларда Ўзбекистон фуқароларининг қолиб кетганидан хабардормиз. Имкониятларимиздан келиб чиққан ҳолда уларни барибир қайтиришимиз керак. Бу буни амалга оширишни бошладик. Россия, Туркия, Дубай ва бошқа жойлардан [фуқароларни олиб келишни] режалаштирмоқдамиз. Уларнинг 11 минг нафари қийин аҳволда қолган. Биз биринчи навбатда уларни қайтариш бўйича чораларни амалга оширамиз», — дея маълум қилди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев олиб келинаётганлар орасида коронавирус ҳолатлари аниқланаётганига ҳам тўхталиб ўтди.

«Лекин барча билиши керакки, олиб келинаётганлар орасида кўплаб касаллик ҳолатлари аниқланмоқда. Шуни ҳисобга олиб, биз жуда эҳтиёткор бўлишмиз керак. Биз улар ва уларнинг қариндошлариги нисбатан барча зарур чораларни кўрамиз», — деди у.

Аввалроқ бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков чегаралар тўлиқ ёпилмагани, мамлакатга ҳар куни хориж давлатларидан 500−600 фуқаро кириб келаётганини (Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон орқали) маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг барчаси уюшган ҳолда карантинга жойлаштирилмоқда. У коронавирус асосан карантиндагилар орасида аниқланаётганини ҳам таъкидлаб ўтган эди.