Миллий гвардия Сирдарё вилоятидаги сув тошқини вақтида қутқарув-эвакуация ишларида иштирок этиб, сув оқизиб кетган уч нафар ҳарбий хизматчи тўғрисида қўшимча ахборот берди.

Жума куни бўлиб ўтган брифингда Миллий гвардиянинг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўлими бошлиғи Тўлқин Қодиров Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув оқимлари Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий қисм махсус вазифаларни бажариш отряди гуруҳ командири Санжар Ибрагимов, махсус вазифаларни бажариш отряди гуруҳ мутахассиси, оддий аскар Хазрат Суюнов ва жанговар команда отряди муҳандис-сапёр гуруҳи мутахассиси, учинчи даражали сержант Хусниддин Суяровни оқизиб кетганини маълум қилди.

Хусниддин Суяровнинг ҳалок бўлгани ҳақида аввалроқ хабар қилинган эди. Унинг жасади 3 май куни тахминан 8:00 да Оқолтин тумани Оҳиллик қишлоғи «Кичик Бобур» маҳалласидан топилган эди.

«Афсуски, оддий аскар Суюновни қидириш ишлари ҳозирча натижа бергани йўқ», — дея маълум қилди Миллий гвардия вакили.

Капитан Ибрагимов эса ҳодиса жойидан 15 км узоқликда соғ ҳолда топилди, деди у.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев сув тошқинида тўрт кишининг ҳалок бўлгани, бир киши бедарак йўқолганини хабар қилган эди.