Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Сардоба сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида юзага келган сув тошқини қурбонлари ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳозиргача 4 нафар фуқаромизнинг табиий офат оқибатида ҳалок бўлгани, 1 нафари бедарак йўқолгани аниқланди. Жумладан, аҳолини хабардор қилиш ва қутқарув ишларини олиб бориш жараёнида Миллий гвардиянинг 2 нафар ходимини кучли сув оқими олиб кетган. Улар ўз жонини фидо қилиб, юзлаб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолишди», — деди президент.

Давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва оила аъзоларига ўзининг чуқур ҳамдардлигини билдирди.

«Йигитларимизнинг жасорати барча касбдошлари ва ёшлар учун Ватанга, халқимизга содиқлик ва фидокорона хизмат қилишнинг намунаси бўлиб қолади», — деди у.