Навоий вилоятида аниқланган коронавирус беморларининг барчаси тўлиқ соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

4 май куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанган сўнгги коронавирус бемори буткул соғайди. У вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилади.

Соғайган бемор аёл 45 ёшда бўлиб, у Тошкент шаҳридан. Коронавирусга чалинган бемор билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятида 8 нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор тузалиб чиққан. Соғайганлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.

Тузалиб чиққанларнинг 7 нафари Туркиядан, 1 нафари Россиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, шифохонага ётқизилган. Уларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёллардир.

Ҳудудлар кесимида Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳридан 2 нафардан, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Бухоро вилоятларидан 1 нафардан. Улар орасида энг ёши каттаси 61 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 40 ёш.

Айни пайтда мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар 1328 нафарга етди.