4 май, душанба кунидан бошлаб ички ишлар вазирлиги тизимидаги айрим идоралар ўз фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, республика бўйлаб Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш (паспорт, прописка, виза) ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги (рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш, маъмурий амалиёт, мажбурий техник кўрикдан ўтказиш) бўлинмалари фуқароларга хизмат кўрсатиш фаолиятини бошлади.

Бунда, фуқароларни қабул қилишда уларнинг карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинишларига алоҳида эътибор берилиши айтилган.

Олдинроқ, ушбу идораларнинг Тошкент шаҳридаги бўлинмалари фаолияти давом эттирилиши ҳақида хабар берилган эди.